Президент ташрифидан сўнг...
Гидроэлектр станциялар қурилиши мамлакат энергетика тизимини барқарор ривожлантиришдаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу лойиҳалар нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, балки иқтисодий ўсиш, экологик барқарорлик ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам хизмат қилади.
Гидроэнергетиканинг асосий устунлиги шундаки, у табиий манбаларга таянади ва атмосферага зарарли чиқиндилар чиқармасдан энергия ишлаб чиқаради. Сув оқимининг кучи орқали тоза ва арзон электр энергияси ҳосил қилинади. Шу жиҳатдан бу каби лойиҳалар “яшил энергия”нинг энг самарали кўринишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда жаҳон бозорида нефть ва газ нархларининг ўзгарувчанлиги ҳамда ташқи бозорларга боғлиқлик кўп мамлакатлар учун жиддий муаммога айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, маҳаллий сув ресурсларига асосланган гидроэлектр станциялар энергетик хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Гидроиншоотлар қурилиши маҳаллий иқтисодиётга ҳам кучли туртки беради. Бу жараёнда йўллар, электр тармоқлари, тураржойлар ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари барпо этилади. Бунинг натижасида бутун ҳудудда иқтисодий фаоллик ошади, янги иш ўринлари яратилади.
[gallery-25662]
Энг муҳими, ГЭСлар мамлакатнинг энергетик тизимини барқарорлаштиради. Қуёш ёки шамол энергияси табиат шароитига боғлиқ ҳолда ишлаб чиқарилса, гидроэлектр станциялар йилнинг ҳар фаслида, куну-туни ишлай олади. Шу орқали улар бошқа энергия манбаларини қўллаб-қувватлаб туради ва умумий тизимда барқарорликни таъминлайди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаб берган эди. Ўтган ой улардан бири — Норин ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичи ишга туширилди.
Президентимиз яқинда Наманганга ташрифи чоғида мазкур энергетика иншоотини бориб кўрди. Президент ташрифидан сўнг биз ҳам ушбу иншоотда бўлиб, унинг аҳамияти ҳақида яқиндан маълумот олдик. Ушбу мақолада ана шу йирик лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз юритамиз.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Энергетика тизимидаги бундай йирик лойиҳалар аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, саноат тармоқларини узлуксиз ишлатиш ҳамда иқтисодий самарадорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида умумий қуввати 228 мегаватт бўлган 6 та “Норин ГЭСлар каскади” қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428,5 миллион доллар бўлиб, барча ускуна ва технологияларнинг юртимизда ишлаб чиқарилаётгани унинг қўшимча қимматини белгилайди.
Қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Келаси йилда ГЭС-2 ва ГЭС-3, 2027 йилда эса қолган каскадлар ишга туширилади. Ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, улар фаолиятга киришиши билан қўшимча иш ўринлари яратилади.
— Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Авазбек Зокиров. — Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода, уни мамлакатимиздаги “биринчи миллий гидроэлектр станция” дейиш мумкин. Бу дастлабки каскадимиз йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг 430 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир. Шу жиҳатдан “Норин ГЭСлар каскади” нафақат энергетик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. Давлатимиз раҳбарига шу ерда янги турдаги инновацион микрогеслар ишлаш тартиби намойиш этилди. Бу лойиҳалар ҳам маҳаллий конструктор ва инженерларимиз томонидан ишлаб чиқилган.
Бу агрегатлар кам босимли сувда ҳам ишлаши билан аҳамиятли. Шунингдек, уларни бошқариш жуда қулай. Мамлакатимизда бундай паст босимли сув оқимлари жуда кўп. Мазкур тажрибани кенг қўллаш яхши самара беради.
Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула типидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлик билан ишлайди ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, ҳудудда маъмурий ва хизмат бинолари, диспетчерлик пункти барпо этилди. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудни ободонлаштириш мақсадида 6 минг туп манзарали дарахт экилди, келгуси баҳорда яна 7 минг туп мевали кўчат экиш режалаштирилган.
“Норин ГЭСлар каскади” энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади.
Икром АВВАЛБОЕВ, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА мухбирлари