Бугунги кунда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига қарашли “Бектемир” газ тақсимлаш станциясида Энергия ресурслари ва технологик жараёнлар ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилган. Бу эса станция фаолиятида шаффофликни таъминлаш омили бўлмоқда.
“Ўзтрансгаз” АЖ департаменти бош мутахассиси Ислом СУЛТОНОВ станциялар фаолияти ва ушбу автоматлаштирилган тизимнинг афзалликлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Таъкидлаш керакки, рақамлаштириш ҳар бир соҳанинг самарали фаолият олиб бориши кафолатидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Энергия ресурслари ва технологик жараёнларнинг ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш белгиланган.
Жамият томонидан мазкур қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тизимда Энергия ресурслари ва технологик жараёнлар ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда Тезкор диспетчерлик ҳисобини юритиш автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Биз ушбу лойиҳалар доирасида тизимдаги “Бектемир” газ тақсимлаш станциясига Энергия ресурслари ва технологик жараёнлар ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этдик. Ушбу станция “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Тошкент шаҳри ва вилоятидаги табиий газ тарқатувчи филиалларига табиий газ етказиб беради.
Автоматлаштирилган тизимнинг афзалликларини таҳлил қиладиган бўлсак, амалда мавжуд тизим орқали табиий газ 6 технологик параметр бўйича тадқиқ қилинаётган бўлса, янги тизимнинг жорий этилиши айни кўрсаткични 64 тагача етказиш имкониятини беради. Бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖнинг сервер қурилмаларига дастурий таъминотни ўрнатиш ишлари тугалланди.
Энергия ресурслари ва технологик жараёнлар ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида тизимдаги 7 та бошқармада жами 458 дона контроллер ва 1221 та газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилди. Бу тизим газ ўтказиш жараёнини масофадан туриб онлайн режимда кузатиш имконини бермоқда. Шунингдек, инсон омилининг аралашувини минималлаштиради, шаффофликни таъминлайди ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олади.
“Ўзтрансгаз” АЖда коррупцияга қарши курашиш доирасида ҳам қатор тадбирлар амалга ошириляпти. Компания томонидан тузиладиган барча хўжалик шартномаларига коррупцияга қарши курашиш шартлари киритилгани, текширувлар давомида салбий хулоса берилган контрагентлар тендер савдоларидан чиқариб юбориб, улар билан шартномалар тузилмаётгани шулар жумласидан. Хусусан, жорий йилда текширилган 167 та контрагентнинг 4 тасига салбий хулоса берилган. Жамият томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган барча ҳужжатлар ходимларнинг мустақил ўрганишларини таъминлаш мақсадида жамиятнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.
2023 йилнинг 9 ойи давомида “Ўзтрансгаз” АЖ Комплаенс назорат бўлими томонидан жами 19 та ходимнинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан мурожаат кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг 2 таси бўйича хизмат текшируви ўтказилиб, чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилган, 16 тасига тушунтириш берилган, биттаси қаноатлантирилган. Комплаенс назорат бўлими 9 ой давомида 21 та хизмат текшируви ўтказди.
Тўпланган ҳужжат ва хулосаларнинг 15 таси қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилди. 6 та ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди. Текширув натижасида 692 ходимга интизомий жазо чораси қўлланилди, 7 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.