Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ танқислиги, эҳтимолий музокаралар, янги Бош вазир позицияси...
20:50 / 2022-10-26

Россия-Украина инқирози

АҚШнинг иқлим бўйича махсус вакили Жон Керри Украина инқирози иккинчи йилга ўтмайди, дея баёнот берди.

“Мен можаронинг кейинги йил давом этмаслигига ишонаман. Зиддиятни ҳал қилишнинг ягона йўли, бу – музокаралар олиб бориш”.

“Инқироз давом этса, Европа мамлакатлари газ танқислигига дуч келади. Бу йил газ захираси мавжуд эди, аммо иккинчи йили газ етишмовчилиги бўлиши аниқ!”, деди Керри.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси билан Вашингтонда учрашиб, унга “Запорожье атом электр станциясида хавфсизликни таъминлашдаги саъй-ҳаракати учун миннатдорлик билдирди”. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс маълум қилди.

Блинкен, шунингдек, Москванинг “ифлос бомба” бўйича огоҳлантириши “туҳмат” эканини айтиб, МАГАТЭ делегациясининг Украинага навбатдаги сафарини олқишлашини билдирди.

Бундан ташқари, Америка ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон орқали суҳбатда Шимолий Атлантика альянси давлатлари Украинага бундан кейин ҳам ёрдам беришда давом этишлари лозимлигига ишора қилди.

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер баёнотига кўра, АҚШ маъмурияти Киев Россия билан эҳтимолий музокара тўғрисидаги қарорни ўзи қабул қилиши керак, деб ҳисоблайди.

“Қўшма Штатлар, албатта, Россия ва Украина музокарасида фаол иштирок этиши лозим”, деб қўшимча қилди Жан-Пьер.

МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўзлаган Россия Президенти Владимир Путин “Украина ҳудуди ҳарбий биологик тажриба учун полигонга айлантирилди, энди қурол, жумладан, оғир қурол билан тўлдирилмоқда ва Киев режимининг ядровий қуролга эга бўлиш истаги эътибордан четда қолмайди”, деди.

Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан бўлиб ўтган телефон мулоқотида ҳамкасбини Киевга таклиф этди. Янги ҳукумат раҳбари ҳам “Украинани тўла қўллаб-қувватлашни давом эттиришини” билдирди.

Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Сингх россиялик ҳамкасби билан телефон суҳбатида Нью-Деҳли можарони тезроқ ҳал этишда мулоқот ва дипломатия йўлидан бориш зарурлигини таъкидлади.

Украина Президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак АҚШ раҳбарининг миллий масалалар бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан, Буюк Британия миллий хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Тим Бэрроу ва Франция етакчисининг ташқи ишлар маслаҳатчиси Эммануэль Бонн Киевнинг хавфсизлик кафолатлари масаласини муҳокама қилган.

Ермак, шунингдек, ҳамкасбларига Киевнинг имкони борича тезроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини олиш тўғрисидаги ниятини етказган.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Теҳрон Украина зиддияти бўйича қарашларини ўзгартирмайди, деб ёзди.

Аввалроқ вазир “Эроннинг изчил ва принципиал сиёсатига кўра, “биз Украинадаги можарода томонлар қурол-яроғ билан таъминланишига кескин қаршимиз”, дея баёнот берган эди.

Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко баёнотига кўра, унинг мамлакати икки йилда Европа Иттифоқига кириши учун бор имкониятини ишга солади.

“Олий Рада ҳар ялпи йиғилишида бу саъй-ҳаракатнинг барча йўналишларида ишни имкон қадар тезлаштириш учун камида битта Европа интеграцияси қонунини кўриб чиқишга интилади”, деб қўшимча қилди вазир.

Аброр ХОН, ЎзА