Наманганда аҳоли асосан суюлтирилган газдан фойдаланади. Шу боисдан вилоятнинг табиий газ етиб бормаган хонадонларида истеъмолчиларни бир маромда газ билан таъминлаш соҳа ҳодимларининг устувор вазифаси саналади.
Бугунги кунда Наманган вилоятида 460 минг 555 та суюлтирилган газ истеъмолчиси бўлиб, бу умумий истеъмолчиларнинг 69 фоизини ташкил этади. “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали жамоаси ҳар бир истеъмолчига суюқ газни ўз вақтида етказиб, эҳтиёжни қондириш, аҳолига қулайлик яратиш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Бу борада шаҳар ва туманларда “Маҳаллабай” ишлаш механизми асосида, ҳар бир маҳалла кўчаларини кунлик суюлтирилган газ билан таъминлаш чоралари кўрилган.


Қолаверса, суюлтирилган газ етказиб беришда “Газ тўлдириш иншооти – истеъмолчи” тамойили асосида ҳам тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманлари газ таъминоти бўлимларидаги мавжуд 22 та маиший газ баллонини ташишга мослаштирилган автотранспортларни сақлаш мақсадида “Янгиқўрғон газ тўлдириш шохобчаси” ҳудудида автотураргоҳ ташкил этилиб, синов тариқасида хизмат кўрсатувчи ходимларнинг тўғридан-тўғри мазкур шохобча орқали иш олиб бориши йўлга қўйилди.
Ушбу лойиҳа орқали вилоятнинг юқорида қайд этилган тоғ ва адирли туманларидаги хизмат раҳбарларига “менеджер” мақоми берилиб, мазкур ҳудудлардаги 110 минг 81 та суюлтирилган газ истеъмолчисига мунтазам равишда иккиламчи ёқилғи етказиб берилишида, аввало, “Маҳаллабай” тизими асосида иш ташкиллаштириш янада осонлашди.


Қиёсий таққослаш учун ўтган 2023 йилнинг биринчи чорагида Янгиқўрғон газ тўлдириш шохобчаси орқали Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларидаги 106 минг 243 та истеъмолчига 4 минг 572 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, 2024 йилнинг худди шу даврида 110 минг 437 та истеъмолчига 4 минг 748 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ўтган йилга нисбатан истеъмолчилар сони 4 минг 194 тага ортган бўлсада, 176,5 тонна кўп суюлтирилган газ етказиб берилди.
Қайд этиш жоиз, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида шаҳар ва туманларга жами 20 минг 28,2 тонна суюлтирилган газ 988 минг 587 дона газ баллони орқали истеъмолчиларга етказилди.


<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3SSb9fG2p7c" title="Gaz taʼminotidagi yangicha yondashuv" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири