Қиш мавсуми таъминотчи корхоналар олдига ўта масъулиятли вазифаларни қўяди. Асосий мақсад аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш. Бироқ бу жараён фақатгина таъминотчи ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки истеъмолчининг ҳам қонун-қоидаларга амал қилиши орқали самарали кечади.
Афсуски, ўтказилаётган профилактик ва тезкор тадбирларга қарамасдан, ҳали-ҳануз табиий газдан хавфсиз фойдаланиш талабларини қўпол равишда бузиб, яширин йўллар орқали тармоққа уланишга уринган қоидабузарлар учраб турибди. Бу каби ҳолатлар нафақат давлат мулкига зиён етказади, балки инсон ҳаёти ва атрофдагилар хавфсизлиги учун ҳам жиддий таҳдид туғдиради.
Шу мақсадда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи асосида Қашқадарё вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. “Ҳудудгаз Қашқадарё” ГТФ комплаенс назорат тузилмалари ҳамда туман газ таъминоти бўлимлари ходимлари иштирокида ўтказилган рейдлар давомида бир қатор қонунбузарликлар аниқланди.
Жумладан, Қарши шаҳри Темирйўлчи маҳалласида яшовчи фуқаро ҳисоблаш ускунасидан олдин яширин йўл билан тармоққа уланиб, 42 миллион 22 минг сўмлик газни ноқонуний ўзлаштирган. Гулшан маҳалласида эса лойиҳа ва техник ҳужжатларсиз фойдаланган истеъмолчига 97 миллион 193 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Комилон маҳалласида резина шланг орқали ўғринча уланган фуқарога 5 миллион 952 минг сўмлик қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шу маҳаллада яна бир ҳолатда яширин уланиш орқали газдан фойдаланган шахсга 9 миллион 513 минг сўм жарима тайинланди. Яна бир қоидабузар эса 14 миллион 631 минг сўмга тортилди. Қовун-қовундан ранг олади деганларидек, маҳалладошининг хатти-ҳаракатини такрорлаган яна бир фуқаронинг ўзбошимчалиги 21 миллион 690 минг сўмлик жарима билан якунланди.
Хонтепа маҳалласида истиқомат қилувчи қоидабузар 14 миллион 997 минг сўмлик газдан хўжасизларча фойдалангани учун жавобгарликка тортилди. Қиличбек қўрғонча маҳалласида ўтказилган хатловда эса ўзини ва яқинларини хавфга қўйиб газдан фойдаланган истеъмолчига 66 миллион 467 минг 400 сўм жарима белгиланди.
Қарши тумани Ёрқин ҳаёт кўчасида яшовчи фуқаро 10 миллион 667 минг сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган. Туманнинг Бешкент йўли кўчасида қайд этилган қоидабузарлик 23 миллион 406 минг сўмга баҳоланди. Косон туманида истиқомат қилувчи шахс 7 миллион 220 минг 507 сўмлик газни ўғринча ишлатган бўлса, Қуйибоғ маҳалласилик фуқаронинг хатти-ҳаракати 5 миллион 163 минг 862 сўмлик жаримага сабаб бўлди.
– Бундай ҳолатлар фақат иқтисодий зарар эмас, энг аввало инсон ҳаёти учун хавф манбаи ҳисобланади, – дейди “Ҳудудгаз Қашқадарё” ГТФ ахборот хизмати раҳбари Отабек Маманазаров. – Яширин уланишлар портлаш, ёнғин каби оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Биз назорат тадбирларини кучайтирган ҳолда, ҳар бир фуқарони қонунга риоя этишга, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чорлаймиз.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Шуни унутмаслик керакки, қинғир ишнинг қийиғи барибир бир кун чиқади. Ноқонуний ҳаракатлар нафақат молиявий жарима, балки оғир ҳуқуқий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Энг муҳими, бу ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйиш демакдир.
Назорат ва кучайтирилган тезкор тадбирлар вилоят бўйлаб изчил давом эттирилади. Қонуний ва хавфсиз фойдаланиш эса ҳар бир истеъмолчининг бурчи эканини унутмаслик лозим.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири