Кўплаб ҳудудларда табиий газ етиб бормаган аҳоли хонадонлари суюлтирилган маиший газ баллонларидан кенг фойдаланиб келинмоқда.
Газ баллонлари узоқ муддат давомида ишлатилганда, уларнинг тубида оғир қолдиқ, деб аталувчи моддалар йиғилиб қолади. Улар нафақат газ сарфини камайтиради, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Оғир қолдиқ газ баллон ичида газ босимининг пасайиши натижасида буғланмай қолган оғир углеводородлар аралашмасидир. Ушбу моддалар газ ҳолатига ўтмайди ва баллоннинг пастки қисмида суюқ ҳолатда тўпланиб боради. Вақт ўтган сайин уларнинг миқдори ошиб, баллоннинг ҳақиқий фойдали ҳажмини камайтиради.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир маиший газ баллони тўлдирилишидан олдин, албатта, синовдан ўтказилади. Хусусан, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган “Eko area gaz” масъулияти чекланган жамият “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти билан шартнома имзолаб, жорий йилнинг июль ойидан иш фаолиятини бошлади. Мазкур шохобча томонидан кунига уч мингта маиший газ баллоннинг оғир қолдиқлари тўкилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

– Маиший газ баллонларининг оғир қолдиқдан тозаланиши нафақат техник хизмат, балки инсон ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилувчи муҳим чора-тадбир ҳисобланади, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ таъминоти бўйича ўринбосари Хуршидбек Қаюмов. – Мазкур жараённи мунтазам равишда ва мутахассислар ёрдамида амалга ошириш орқали газдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, портлаш ёки ёнғин хавфи каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.