“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб тадбир иштирокчилари ҳудудларни газлаштириш жараёнлари билан таништирилди.
Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан вилоятнинг Кармана тумани “Дўстлик” МФЙ ҳамда Қизилтепа туманининг “Маликобод” МФЙ ҳудудларида янги Ўзбекистон массивлари бунёд этилган. Ушбу массивларни газлаштириш учун “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалининг лойиҳа бўлими томонидан газлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага асосан Кармана тумани “Дўстлик” МФЙ ҳудудида ташкил этиладиган “Янги Ўзбекистон” массивига диаметри 159 мм.ли ҳамда Қизилтепа туманини “Маликобод” МФЙ ҳудудида ташкил этиладиган массивга диаметри 114 мм.ли газ тармоқлари тортилган. Бундан ташқари, ташкил этилиши белгиланган тўртта кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарининг лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ташқи табиий газ тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, Ғозғон шаҳар “Мармаробод” МФЙ ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасини газлаштириш учун диаметри 114 мм.ли 6,7 километр ташқи газ тармоқлари тўлиқ олиб келинган бўлиб, шундан 5,1 километр газ тармоқлари монтаж қилинди. Қолган кичик саноат зоналари, шунингдек, Навоий шаҳар Маҳмуд Таробий кўчасидаги 16 қаватли уй-жойларни газлаштириш учун диаметри 114 мм.ли, 4,4 километр ташқи газ тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари аҳоли хонадонларида энергия тежамкор газ ускуналарини ўрнатиш юзасидан амалга оширилаётган тарғибот ишлари билан танишиш мақсадида маҳаллаларда бўлди. Маълумки, республикамизнинг барча ҳудудларида табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ортиқча сарфни камайтириш мақсадида аҳоли хонадонларининг қозонхоналаридаги (маънан эскирган, қўлбола) ёндиргичлар (горелкалар) замонавий иссиқликни автоматик равишда бошқарувчи ҳамда хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган газ ёндиргичларга алмаштирилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда газ жиҳозлари сони 229 минг 724 тани ташкил этади. Эски газ горелкалардан фойдаланилганда ойлик газ сарфи 650 куб метрни ташкил этса, янги автоматлаштирилган энерго тежамкор газ ёндиргичларда бу кўрсаткич 340 метр кубни ташкил этади. Бу эса аҳолига ҳар ойда 310 метр куб газни тежаш имконини беради.
"Ҳудудгаз Навоий" газ таъминоти филиали томонидан 2023 йил давомида 15 минг 260 дона ностандарт газ жиҳозларини энерго тежамкор газ жиҳозларга алмаштириш режалаштирилган. Бу 3 миллион 662 минг 400 метр куб газ тежалади, деганидир. 2023 йилнинг ўтган даврида филиалнинг Сервис хизматларини ривожлантириш бўлими ходимлари томонидан 36 минг 463 аҳоли хонадонларига техник хизмат ва 22 минг 858 аҳоли хонадонларига эса профилактик хизмат кўрсатилди. Газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш, газ қувурларини босим остида синаш ва тозалаш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шу кунга қадар вилоят бўйича 5 дона газ тақсимлаш пункти капитал таъмирланди, 74,2 километр газ қувурлари босим остида зичликка синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланди. 124,7 километр газ қувурлари эса эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, бўёқлаш ишлари бажарилди. Вилоятдаги мавжуд 2336 дона газ тақсимлаш пунктларининг 1803 таси техник тафтишдан ўтказилди ва 1803 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари 177,2 километр газ қувурлари махсус прибор усулида текширилди.
[gallery-12938]
Тадбир якунида журналист ва ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда филиал раҳбари ўринбосари – бош муҳандис Баҳриддин Худоёров вилоятда куз-қиш мавсумига кўрилаётган ҳозирлик ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА