Бугун Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳам аҳолига табиий газни узлуксиз етказиб бериш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратиш, газ таъминоти доимийлигини таъминлаш мақсадида иш фаолиятини қизғин олиб бормоқда.
Жумладан, ҳаво ҳарорати совуқлигига қарамай газчилар ўзларига топширилган вазифаларни адо этмоқда. Жойларда газ тақсимлаш қурилмаларида режим-созлаш, газ қувурларини назоратдан ўтказиш ва бошқа тадбирлар қизғин давом этмоқда.

Маълумки, аҳолига табиий газни бир маромда етказиш учун электрон газ ҳисоблаш ускуналарига регулятор ўрнатилиши мақсадга мувофиқ. Ўтган йили вилоят бўйича 12 мингдан ортиқ аҳоли хонадонига регуляторлар ўрнатилиб, газ таъминоти тизими уч босқичлидан икки босқичли тизимга ўтказилган эди. Бу тадбирлар Кармана туманида ҳам давом этмоқда. Айни пайтда туманнинг Кўҳнақўрғон маҳалласидаги “Жасорат”, “Бинафша” кўчаларида аҳоли хонадонларига регулятор ўрнатиш ишлари олиб бориляпти.

– Маҳаллада 720 дан ортиқ табиий газ истеъмолчиси мавжуд, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Самад Расулов. – Жорий йил бошидан буён 120 та регулятор ўрнатилиб, аҳоли хонадонлари икки босқичли тизимга ўтказилди. Шу билан бирга чилангарларимиз томонидан истеъмолчиларга бир маромда газ етказиб бериш мақсадида 24/7 режимида газ тақсимлаш қурилмаларида назорат, режим-созлаш ишлари олиб бориляпти.


Жорий йил давомида туман бўйича 1820 та хонадон уч босқичлидан икки босқичлига ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар эса 300 та аҳоли хонадони икки босқичли тизимга ўтказилиши таъминланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири