Давлат мулкига хиёнат мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий барқарорлиги учун жиддий таҳдид саналади. Бу каби қоидабузарликлар нафақат молиявий йўқотишларга олиб келади, балки аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини пасайтиради ва ижтимоий адолат тамойилларига халақит беради.
Шу боис, табиий ресурслардан қонуний ва самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва ҳар бир фуқаронинг манфаатини ҳимоя қилиш давлат ва жамият олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу талабларга қарамай, айрим “тадбиркор” фуқароларимиз электр ва газдан фойдаланишда қинғир йўллардан фойдаланишни ўзларига эп кўриб, ноқонуний ҳаракатларни содир этяпти.
Яқинда “Ўзэнергоинспекция”нинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида шундай фуқароларнинг ўғринча ишлари фош этилди.
Унга кўра, Пайариқ туманида “S.O.S.S” хусусий корхонасига қарашли кўп қаватли турар-жой биноси ҳисоблагичсиз, ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоблар бўйича мазкур ҳолат тизимга 4 миллиард 741 миллион сўмлик зарар етказган.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозир ушбу ноқонуний ҳаракат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА