Газ таъминоти инфратузилмаси янгиланди
Гулистон шаҳрининг Дўстлик маҳалласида жойлашган Хондамир кўчасидаги юқори босимли газ тақсимлаш қурилмаси замонавий РДУК-200 русумидаги янги қурилма билан алмаштирилди. Эски қурилма узоқ йиллар давомида фойдаланилгани сабабли маънан ва техник жиҳатдан эскирган эди.
– Янги қурилма газ таъминоти барқарорлигини сезиларли даражада оширади, истеъмолчиларга узлуксиз ва хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради, – деди “Гулистоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлимининг бошлиғи Ваҳобжон Турдимуратов. – Шунингдек, замонавий қурилма авариявий ҳолатларни минималлаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.


Модернизация ишлари газ тизимининг босим кўрсаткичларини меъёрий ҳолатда сақлаш ва газ сифатини яхшилашга хизмат қилади. Ҳозирда мутахассислар эски ускунани демонтаж қилиш, янги қурилмани ўрнатиш ва созлаш ишларини жадаллик билан амалга оширмоқда.
Бу янгиланишлар Дўстлик маҳалласи аҳолиси учун газ таъминоти барқарорлигини сезиларли даражада ошириши кутиляпти.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири