Газ таъминоти — инфратузилма масаласигина эмас, балки аҳоли хавфсизлиги, энергия тежамкорлиги ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини намоён этувчи муҳим кўрсаткичдир. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан соҳада қатъий тартиб, рақамли назорат ва шахсий жавобгарликни ошириш бўйича қўйилган талаблар Гулистон туманида бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Туман ҳудудида жами 20 минг 784 та истеъмолчи мавжуд бўлиб, уларнинг 9 минг 315 таси табиий газ билан таъминланган. Белгиланган режалар асосида амалга оширилган техник тадбирлар натижасида тумандаги 17 та маҳаллада жойлашган 9 минг 315 та аҳоли хонадонларининг газ таъминоти яхшиланди. Бу эса, айниқса, қишки мавсумда газ босими пасайиши ва узилишларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2 километр ер ости газ тармоқлари ҳамда 6 та газ тақсимлаш пунктлари реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 15,2 километр газ тармоқлари босим остида тозаланди, 9,4 километр ер ости газ қувурлари махсус асбоблар ёрдамида текширилди.

– Газ тармоқларидаги ҳар бир нуқсонни оддий техник муаммо сифатида қабул қилиш нотўғри. Чунки бу инсон ҳаётига таҳдид, тизимдаги масъулиятсизликнинг оқибатидир. Шу сабабли биз учун “майда камчилик” деган тушунча йўқ, – дейди «Гулистонтумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи Бахтиёр Эшонқулов. – Агар бир туманда ўнлаб, ҳатто юзлаб газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланса, демак, бу тизим узоқ йиллар етарли даражада назорат қилинмаган. Биз муаммони яшириш эмас, уни очиқ тан олиш ва бартараф этиш тарафдоримиз.
Шу боис ўтган 2025 йилда «Гулистонтумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан 348,8 километр газ қувурлари ва 91 та газ тақсимлаш пунктларида созлаш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, 82 та янги зулфин ва 6 та фильтр ўрнатилди, 21,8 километр газ қувурлари ҳамда 8 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирдан чиқарилди. Олиб борилган ишлар натижасида 135 та газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланиб, жойида бартараф этилди.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг январь–июль ойлари давомида туманда 1600 та ҳовлили ва кўп қаватли уйлар икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилди, 44 та газ тармоқлари қурилмалари демонтаж қилинди. Натижада технологик йўқотишлар ҳажми 112 минг куб метрга қисқартирилди. Шунингдек, туман ҳудуди икки йирик секторга ажратилиб, газ таъминотини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Президент талабларида белгиланганидек, газ таъминоти соҳасида рақамли назоратни жорий этиш ва инсон омилини қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу мақсадда Гулистон туманида газ тақсимоти жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, реал вақт режимида кузатиб борилмоқда.
– Қачон газ тақсимоти “кўз билан” эмас, монитор орқали назорат қилинса, ўшанда суиистеъмолга ҳам, беэътиборликка ҳам ўрин қолмайди. Рақамлаштириш — бу аввало раҳбар ва мутахассис учун доимий ҳисобдорлик демакдир, – дейди Бахтиёр Эшонқулов.

Суюлтирилган газ таъминоти бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда туман бўйича 11 минг 469 та истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланади. Уларнинг 11 минг 456 таси аҳоли, 13 таси эса мактабгача таълим ташкилотларидир. 2025 йил учун белгиланган 2120 тонна суюлтирилган газ режаси тўлиқ бажарилиб, аҳолига белгиланган ҳажмда етказиб берилди.
Суюлтирилган газ Сайхунобод газ тўлдириш шохобчасидан белгиланган фонд асосида маиший газ баллонларига тўлдирилиб, махсус ISUZU русумли автомашиналар орқали аҳолига уйма-уй етказиб берилмоқда. Бу жараён истеъмолчиларга берилган ID карталар орқали назорат қилинади. Ҳозирда газ баллонларини ташиш учун ҳар бири 110 та баллон юклаш имкониятига эга бўлган 3 та махсус автоулов хизмат қилмоқда.
– Суюлтирилган газ таъминотида шаффофлик ва хавфсизликни таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади, – дейди Бахтиёр Эшонқулов. – Барча маиший газ баллонларига штрих-кодли стикерлар ўрнатилди, истеъмолчилар ID карталар билан таъминланди. Бу орқали ҳар бир газ баллонининг ҳаракати ва истеъмол ҳажми онлайн назорат қилинади. Бу эса ҳам тартиб ва хавфсизликни таъминлайди.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида. 2025 йил давомида бўлимга жами 106 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 84 таси ижобий ҳал этилган, қолган мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Шунингдек, йил давомида 24 та сайёр қабул ўтказилиб, 110 нафар истеъмолчи билан бевосита учрашувлар ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган ишлар Гулистон туманида газ таъминоти инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш ҳамда энергия ресурсларидан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Аммо рақамлар ортида масъулият, ҳисобдорлик ва инсон хавфсизлиги доимо биринчи ўринда турмаса, ҳар қандай инфратузилма ўз аҳамиятини йўқотиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири