Қиш фаслининг айни совуқ кунларида аҳолини коммунал хизматлар, шу жумладан, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш – хизмат кўрсатувчи тизимларда назорат, қулайлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Наманган вилоятининг Поп, Янгиқўрғон, Чортоқ, Чуст, Косонсой ва Учқўрғон туманлари қўшни Тожикистон ва Қирғиз Республикаси билан чегарадош ҳудудлар ҳисобланади. Марказдан нисбатан олис бўлган ушбу манзилларда истиқомат қилувчи аҳолини барқарор ва узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалининг муҳим устувор вазифаларидан биридир.


Филиал директори Иброҳимжон Мамажоновнинг қайд этишича, хизмат кўрсатиш жараёнларида шаффофлик ва адолатни таъминлаш мақсадида замонавий рақамли технологиялар жорий этилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнида “Face ID” тизими асосида иш фаолияти олиб борилмоқда. Мазкур тизим орқали газ эгасига етиб бориши ва ҳисоб-китобларнинг аниқлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.