Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ соҳасида самарадорлик ва назоратни кучайтириш бўйича қатъий талаблар қўйилди
11:42 / 2025-12-30

Бугунги кунда газ соҳасидаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш муҳим масалалардан бирига айланмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирокида ўтказилган галдаги йиғилишда  шу ҳақда сўз борди. Унда Муборак газни қайта ишлаш заводи ҳамда “Uz-Gas Projects” МЧЖнинг жорий ҳолатига эътибор қаратилди.

Хусусан, Муборак газни қайта ишлаш заводида қурилиши якунланмаган объектлар бўйича ер ва мулк ҳисоби тўғри юритилмагани сабабли асоссиз солиқ тўловлари амалга оширилгани маълум бўлди. Бу эса ички назорат механизмлари етарли даражада ишламаётганини кўрсатди. Шу муносабат билан мулкларни ўз вақтида расмийлаштириш, ҳисоб-китобларни қатъий тартибга солиш ва масъул шахсларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш вазифалари юклатилди.

Экологик хавфсизлик билан боғлиқ масалалар ҳам танқид қилинди. Заводнинг айрим ишлаб чиқариш майдонларида автоматик газоанализаторлар ўрнатилмагани, ташланмалар устидан мунтазам назорат олиб борилмаётгани жиддий хавф сифатида баҳоланди. Келгуси йилда хавфсизлик ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини тўлиқ таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

“Uz-Gas Projects” МЧЖ фаолиятига оид тақдимотда эса асосий муаммолар ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан боғлиқ экани қайд этилди. Табиий газ ва конденсат қазиб чиқариш ҳажмлари режалаштирилган прогноздан ортда қолган, мавжуд қувватлардан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда. Шунингдек, қазиб олинаётган маҳсулот таннархининг юқорилиги корхона молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Йиғилишда билдирилган маълумотларга кўра, қазиб чиқариш харажатлари реализация нархидан юқори бўлиб қолаётгани сабабли операцион фаолиятда зарар кузатилган. Бу ҳолат айланма маблағлар танқислигини келтириб чиқарган ва корхона барқарор ишлашига тўсқинлик қилмоқда.

Абдуғани Сангинов корхоналар ташкил этилганида асосий мақсад инвестиция жалб қилиш орқали юқори таннархли конларда қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш бўлганини таъкидлади. Бироқ ўтган йиллар давомида бу йўналишда аниқ ва самарали инвестиция лойиҳалари амалга оширилмагани, аксинча, харажатлар ўсиши самарадорликни пасайтиргани танқид қилинди.

Жамият ахборот хизматига кўра, тадбир якунида белгиланган режаларни сўзсиз бажариш учун жамият раҳбариятининг шахсий жавобгарлиги қатъий белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, қазиб чиқаришни ошириш мақсадида қурилаётган кичик компрессор станцияларини ўз вақтида ишга тушириш, геологик жиҳатдан мураккаб захираларни ўзлаштириш бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик масалаларини қайта кўриб чиқиш топширилди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА