Навоий вилоятининг Кармана туманида 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар дастурига асосан ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий мавсумда туманда 4 километр узунликдаги газ қувурларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Айни пайтда Мир Саид Баҳром маҳалласида 3,3 километр узунликдаги д-89 миллиметрли ер ости газ қувури ва Азамат маҳалласида 0,7 километр узунликдаги д-102 миллиметрли ер ости газ қувури тармоқдан ажратилиб, ер устида янги газ қувурлари тортилди.

– Бу ҳудудлардаги ер ости газ қувурлари анча эскиргани боис реконструкция ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Самад Расулов. – Шунингдек, аҳоли хонадонлари газ таъминоти тизими уч босқичлидан икки босқичли тизимга ўтказиляпти. Олиб борилаётган бу каби ишлар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, истеъмолчиларга табиий газнинг бир маромда ва узлуксиз етиб боришига хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон”, “Янги Обод” ва “Арғун” маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 17,5 километр газ қувурлари жорий таъмирланди. Шунингдек, “Пахтаобод-Жалоир” йўналишидаги д-159 мм бўлган юқори босимли, “Бешкент” ҳудудидаги ер ости газ қувурлари ўрнига ер усти газ қувурлари тортилди.

– Маҳалламизда олиб борилаётган ишлардан хурсандмиз, – дейди фуқаро Д.Ибодова. – Ер ости ўрнига ер усти газ қувурлари тортиляпти. Бу куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотимиз яна-да яхши бўлишига хизмат қилади.
Яқин кунларда куз-қиш мавсумига оид реконструкция ишларини якунига етказиш мақсадида газчилар томонидан белгиланган режа-жадвалга асосан иш олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА