Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ ўғриси жазосини олади, томошабин масъуллар-чи?
15:13 / 2025-09-08

Жиззах шаҳридаги оҳак ишлаб чиқариш цехи масъуллари 4 миллиард 600 миллион сўмдан ортиқ қимматбаҳо табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди.

Бу ҳолат нафақат давлатга катта иқтисодий зарар етказди, балки давлат ресурсларини муҳофаза қилиш борасидаги тизимда ҳам ҳануз ечимини кутаётган муаммолар борлигини яна бир бор намоён этди.

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабарига кўра, ушбу ҳолат инспекциянинг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида фош этилган.

Маълумотларга кўра, Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро – Дарқабой Марқабоев (исми-фамилияси ўзгартирилган) газ таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, ҳисоблагичгача бўлган қувурга резина шланг орқали ноқонуний уланиб, уйидаги оҳак ишлаб чиқариш цехини газ билан таъминлаб келган. Бу жинояти орқали у газ таъминоти корхонасига 4 миллиард 691 миллион сўм миқдорида зарар етказган.

Албатта, бу ерда жиноятни амалга оширган шахснинг айби улкан. Шунча катта маблағ эвазига ноқонуний фойдаланиш –  ҳазилакам жиноят эмас. Бу каби ҳаракатлар ҳуқуқий баҳо берилиши шарт бўлган жиддий қонунбузарлик ҳисобланади.

Бироқ шу билан бирга, “Бу қадар йирик ноқонуний фойдаланиш қандай қилиб вақтида аниқланмай қолди?” деган савол ҳам ўринли. Давлат ресурсларини муҳофаза қилиш, ноқонуний истеъмолга йўл қўймасликда назорат органларининг самарадорлиги қай даражада деган масала эътибор талаб қилади. Назорат тизимининг кучсиз бўлиши – бундай ҳолатлар такрорланиш хавфини янада оширади.

Ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда ва қонунни бузган жиноятчи – қонун одида жавоб бериши шубҳасиз. Бироқ вақтида тизимни назорат қилмаган масъулларга қандай чора кўрилади?!.

Жиззахдаги ушбу воқеа – ноқонуний газ истеъмолининг оқибатлари, давлат ресурсларини бошқаришдаги тизимли муаммолар ва назорат тизимидаги бўшлиқлар ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда. Энг муҳими, бундай ҳолатлар барҳам топиши учун қатъий чоралар кечиктирилмаслиги шарт ва лозим.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири