Сўнгги йилларда энергетика соҳасида, хусусан, табиий газдан фойдаланишда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, энергия ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда ноқонуний уланишларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари изчил кучайтирилмоқда. Бу борада ваколатли ташкилотлар томонидан олиб борилаётган профилактик ва текширув ишлари натижасида айрим истеъмолчилар томонидан йўл қўйилаётган қоидабузарлик ҳолатлари аниқланмоқда.
Шу каби навбатдаги назорат тадбирлари "Ўзэнергоинспекция"нинг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда газ таъминоти корхоналари ҳамкорлигида Термиз шаҳри ҳудудида ўтказилди.
Текширувлар давомида кўп қаватли турар жой биноларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қатор ҳолатлар фош этилди.
Хусусан, Термиз шаҳрида "T.M.P." МЧЖга қарашли 2 та 16 қаватли турар жой бинолари тегишли рухсат ҳужжатларисиз ҳамда белгиланган тартибларга зид равишда ўзбошимчалик билан табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жами 4 миллиард 576 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирлари доирасида Термиз шаҳрида «Т.Т.Қ.» хусусий корхонаси томонидан қурилган 2 та 14 қаватли кўп қаватли турар жой биноларида ҳам қонун талабларига зид ҳолат қайд этилди. Маълум бўлишича, ушбу бинолар лойиҳа ҳужжатларисиз ва тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан табиий газ тармоқларига уланган ҳолда фойдаланиб келинган. Натижада газ таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига асосан, 990 миллион 600 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Инспекция ахборот хизматига кўра, айни пайтда аниқланган барча қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА