Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ ўғрилари қўлга тушди
15:02 / 2026-01-20

Бухоро вилоятида газ таъминоти филиали ҳамда шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари ходимлари томонидан жойларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, Бухоро шаҳридаги “Отбозор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро С.Ж. хонадонида газ ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан газ қувурига улангани аниқланди. Натижада 50 миллион 166 минг сўм моддий зарар етказилган.

Шунингдек, Когон туманининг Геофизика маҳалласи Қурувчилар кўчасида яшовчи фуқаро Х.А. ўз хонадонида электрон газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатмасдан табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Аниқланган ҳолат бўйича 226 миллион 820 минг сўм миқдорида зарар ҳисоб-китоб қилинган. Вобкент туманининг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ў.Қ. эса газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтиб, резина шланг орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланган ва 39 миллион 679 минг сўм зарар етказган.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор назорат тадбири давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик қоидабузарлик фош этилди.

“Ўзэнергоинспекция”нинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида олиб борилган текширувлар чоғида фуқаро Б.Б.га тегишли бинода газ тармоғига яширинча уланиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келингани маълум бўлди.

Газ таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида 914,5 миллион сўмлик моддий зарар етказилган.

Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Ҳудудларда назорат тадбирлари давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.