Газ корхонаси ходими катта миқдордаги мулкни ўзлаштириб юборди
Фарғонада кўп миқдордаги маиший газ баллонларини талон-тарож қилган газ корхонаси ходимига суд томонидан 5 йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фарғонада кўп миқдордаги маиший газ баллонларини талон-тарож қилган газ корхонаси ходимига суд томонидан 5 йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳар бир инсонга бу дунёга фақат ўзигагина берилган ризқ-рўз бўлади. Ундан ортиғи ҳалол бўлмайди. Албатта бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, ўзганинг мулкига кўз олайтириш ноқонуний ҳаракат ҳисобланади ва бунга албатта тегишли жазо муқаррар. Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Фурқат тумани аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш участкаси етакчи муҳандиси вазифасида ишлаган Иқбол Бердиев ўз нафсини жиловлай олмади. Ўзи ишлаётган жамоанинг мулкига кўз олайтириб, уни ўмариш пайида бўлди.
У 2018 йил 20 сентябрь куни “Фарғонагаз” филиали Фурқат тумани ахолини суюлтирилган газ билан таъминлаш участкаси омбор қоровулининг йўқлигидан фойдаланиб, омбордаги мулкларни ўзлаштиришни мақсад қилди. У газ баллонларни сақлаш омборидаги моддий-товар бойликларни сақланишига К.Алиматов жавобгар шахс эканини биларди. 2018 йил 20 сентябрдан 2019 йил 15 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида омборга кирим бўлган ва ўзига ишониб топширилган “Фарғонагаз” филиалига тегишли бўлган умумий баҳоси 260 миллион 289 минг 120 сўмлик жуда кўп миқдордаги 707 дона 50 литр ҳажмли маиший газ баллонларини талон-тарож қилган. Хусусан, таниши М.Шомуродовга ҳар бири 50 литр ҳажмли маиший газ балонни 300 минг сўмдан келишиб, жами 47 дона газ баллонларни ўзига тегишли эканини айтиб, аввалдан бўлган қарздорлигига бериб юборган.
Бундан ташқари, И.Бердиев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, таниши Қ.Маматқуловга ҳар бири 50 литрли ҳажмли 40 дона газ баллонини 250 минг сўмдан, шунингдек, тергов давомида шахсини аниқлашни имкони бўлмаган фуқароларга қолган 620 дона маиший газ баллонларни сотиб, Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига жуда кўп миқдорда зарар етказгани аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди томонидан И.Бердиевнинг мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан Жиноят Кодексининг 45-моддасини қўллаб, икки йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчидан Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали фойдасига 229 миллион 552 минг 800 сўм моддий зарар ундириш белгиланди.