Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ конлари автоматлашган тизимда назорат қилинади
17:32 / 2023-08-29

Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги конларда технологик жараёнларни автоматлаштириш, мониторинг тизимини жорий қилиш ҳамда ҳисоб тизимини тезкор амалга ошириш, шунингдек, конлардан табиий газни қазиб чиқариш ва узатиш технологик жараёнларида “E-kon” лойиҳасини босқичма-босқич татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур пилот лойиҳаси доирасида Шўртан, Муборак ва Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида умумий 203 босим ўлчов, 110 ҳарорат ўлчов ва 11 алоқа чиқарув воситалари ўрнатилган. Шунингдек, сентябрь ойида “Жанубий Тандирча”, “Шўртан”, “Шарқий Бердах”, “Шимолий Бердах”, “Денгизкўл”, “Сомонтепа”, “Тегирмон” конларига жами 666 босим ўлчов ва 333 ҳарорат ўлчов воситалари ўрнатилиши режалаштирилган.  

Бундан ташқари, “E-kon” тизимини жорий этиш доирасида “муҳандис-оператор” лавозимини яратиш мақсадида “ЎзЛИТИнефтгаз”АЖ “NEFTGAZ-MALAKA” ўқув марказида жами 212 нафар мутахассис учун 8 кунлик ўқув семинарлари ташкил этилган ва режа-жадвал асосида якунланган.  

Шунингдек, “E-kon” лойиҳасида кўзланган концепцияни амалга ошириш борасида дастурий таъминот ишлаб чиқилмоқда. Пилот доирасида Шўртан, Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида ўрнатилган ўлчов воситаларидан радио алоқа орқали келаётган маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш функциялари дастурий таъминотда тест режимида ишлатиб кўрилмоқда.  

Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шўртан” конидаги 20, 24-сонли газ йиғув пунктларига тегишли қудуқлар кўрсаткичларини онлайн дастур “E-kon” лойиҳаси орқали кузатиш тизими синов тариқасида ташкил этилди.    

– Ушбу қурилмалар орқали 24 соат давомида онлайн режимда 27 та қудуқдаги босим ва ҳароратни назорат қилиб боряпман, – дейди муҳандис оператор Орифжон Шоймардонов. –  “E-kon” тизимини жорий этилиши тан олиш керак конлар назорати борасида муҳим қадам бўлди. Боиси эндиликда узоғи билан ярим соат ичида конлардаги муаммо ҳақида тезкор таҳлилий маълумотларни жамлаш ва кон назоратчиларига етказиш имкони яратилди. Бу эса вақтдан ютиш ва газ сарфини меъёрида ушлаб туришни таъминламоқда. Илгари ушбу ишларга 8-9 соатдан кўпроқ вақт кетарди.  

Маълумотларга кўра, келгусида 1 минг 500 та қудуқда босим ва ҳарорат ўлчов воситалари ўрнатилиб, “online” тарзда маълумот йиғиш имконияти яратилади. 80 та газ йиғув жойида табиий газни тайёрлаш ва унинг сарфини ўлчаш қурилмалари ўрнатилади. Операторлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконияти яратилади. Барча ўрнатилган қурилма ва ўлчов асбобларидан олинаётган маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқариш учун ягона дастурий таъминот ишлаб чиқилади.  

Бунинг натижасида қазиб чиқариш жараёнларида инсон омили аралашуви камайтирилади, рақамлаштириш даражаси оширилади. Қазиб чиқариш “online” режимда тезкор бошқарув таъминланади. Маълумотларни қайта ишлашда янги дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш таъминланади. Геологик-техник чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш орқали табиий газ қазиб чиқариш оширилади.  

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ янги қудуқларни тез фурсатда ва сифатли бурғилашда чет эл корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ҳам йўлга қўйди. Хусусан, жамиятга тегишли “Шўртан” конидаги 392-қудуқда айни пайтда Россиянинг “Газпромнефть” АЖ компанияси билан замонавий технология асосида бурғилаш ва рақамлаштириш бўйича дастлабки   пилот лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

Жумладан, “Газпромнефть-ННГ” АЖ мутахассислари кўмагида жорий йилнинг 22 август куни Шўртан нефть газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шўртан” конидаги 392-сонли эксплуатация қудуғида пилот лойиҳа асосида бурғилаш ишлари бошланди.  

Ушбу қудуқни бурғилаш жараёнида тизим мутахассисларининг малакаси оширилади, маълумотларни узатиш рақамлаштирилади ва ҳар бир технологик жараённинг олиб бориш тартиби ўзлаштирилади. Асосий мақсад маҳсулдор қатламни сифатли очиш ва қудуқнинг қурилиш муддатини 40 фоизгача қисқартириш.  

Бундан ташқари, компания билан ҳамкорликда бурғилаш ишларини рақамлаштириш амалга оширилиши режалаштирилган.  

– Бевосита Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимиз нефт-газ тизимида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Мақсад аҳолининг куз-қиш мавсумида табиий газга бўлган талабини қондириш, – дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “Ўзбурғилаш” компаниясининг бош инженери Мақсуд Жумаев. – Шу боис бурғилаш ишларини тезлаштириш мақсадида хорижий компаниялар мутахассисларини ҳам таклиф этганмиз. Хусусан, Россиянинг “Газпромнефть” АЖ компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда мана шу конда 22 августда қудуқни қазишни бошлаган бўлсак, 3 кун ичида 700 метрдан зиёд чуқурликкача қазиб борилди. Улардан ўрганадиган тажрибаларимиз жуда кўп. Қазиш ишларига янги технологиялар, янгича методлар жорий этилмоқда. Қудуқнинг лойиҳавий чуқурлиги 3 минг 100 метр ҳисобланади. Бу юра давридаги қатламдан газ маҳсулоти олиш учун қўйилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 88 кун белгиланган, аммо биз хорижлик мутахассислар ёрдами билан 50 кунда тугатишни мўлжаллаяпмиз. Бошқа қудуқларимизда ҳам худди шу тартиб ва тезкорлик жорий қилинган. 

[gallery-13312] 

Таъкидланишича, келгусида “Ўзбекнефтгаз” АЖда “Бурғилаш ишларини бошқариш маркази” ҳам ташкил этилади. Бунда, дастлабки босқичда “Газпромнефть-ННГ” АЖ дастурий таъминотидан фойдаланган ҳолда қудуқдаги бурғилаш ишлари онлайн тарзда назорат қилинади.  

Кейинчалик, босқичма-босқич “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли барча бурғилаш объектлари “Бурғилаш ишларини бошқариш маркази” томонидан тўлиқ назорат қилиниши таъминланади. Дастурий таъминот бўйича мутахассислар малакаси оширилади ва иш тартиблари ўзлаштирилади.  

Ўлмас Баротов, 

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.