French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ истеъмоли: сарҳисоб ва режалар
11:14 / 2022-07-21

“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Навоий вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, қарздорликни бартараф этиш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Бугун вилоятда 101 минг 293 истеъмолчига маиший баллон ҳамда қувурлар орқали суюлтирилган газ етказиб берилади. Уларга ўтган олти ой давомида 6 минг 904 тонна суюлтирилган газ етказилган.

Таъкидланганидек, суюлтирилган газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларига киритилган маҳаллаларга қўшимча маиший газ баллонлар етказилмоқда. Ҳар бир ҳудуддаги истеъмолчилар сони ва эҳтиёжига қараб фонд ажратилади. Вилоят аҳолисига бир ойда ўртача 1000 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилиб, 2920 та маиший баллон орқали “айланма” усулда хизмат кўрсатиляпти.

– 2022 йил давомида газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилинадиган газ қувурлари манзилли рўйхати шакллантирилган бўлиб, унга кўра, Навоий шаҳрида “Ёшлик”, “Бинокор”, Кармана туманида “Янги ариқ”, “Азамат”, Навбаҳор туманида “Янги ҳаёт” ва Хатирчи туманида “Чечак ота” маҳаллаларида тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, белгиланган вазифалар ижроси натижасида 2 минг 460 та хонадонда газ таъминоти яхшиланади, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Баҳриддин Худоёров. – Айни кунгача мавсумга тайёргарлик доирасида вилоят бўйича жами 2,9 км газ қувурлари мукаммал таъмирланди. Шунингдек, Навоий шаҳрида 2,8 км, Карманада 1,3 км, Хатирчида 1,3 км, жами 5,4 км тармоқлар реконструкция қилинди.

Газ таъминотининг истеъмолчига бир меъёрда ва хавфсиз етказилишида газ тақсимлаш қурилмаларининг соз ҳолатда бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мавсум бошидан Қизилтепа туманининг “Маликобод”, “Маданият”, Навбаҳор туманининг “Бурқут”, “Янги ҳаёт”, “Ҳашман”, Нурота туманининг Амир Темур номли ва Хатирчи туманининг “Хўжақўрғон”, “Зарафшон” маҳаллалари аҳолисини табиий газ билан таъминловчи жами 8 та қурилма капитал таъмирланиб, мавсумга шай ҳолга келтирилган.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида 618 дона газ тақсимлаш қурилмалари тафтиш қилиниб, 46,4 км газ қувурлари босим остида зичликка синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланди. 87,7 км қувурлар прибор усули билан текширилди. Газ тармоқларининг 170,9 километри эса эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.

Айни вақтга қадар вилоятда автоматлаштирилган тизимга асосан, “ақлли ҳисоблагич”лар тўлиқ ўрнатиб бўлинган ҳудудлардаги 1007 та газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиб олинди. Ҳозирда уч босқичлидан икки босқичли газ таъминоти тизимига модернизация қилинган хонадонлар сони 42 869 тани ташкил этади.

– Газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтган маҳаллаларда табиий газ босими йилнинг ҳар қандай фаслида бир меъёрда бўлади, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Яшин Жониев. – Чунки газ босими ҳудудлардаги газ маромлаш пунктлари орқали назорат қилинмайди. Замонавий ҳисоблагичларга ўрнатилган регулятор (маромлаш қурилмаси)нинг ўзи бу вазифани бажаради. Вилоятда тадбир бошидан буён газ ҳисоблаш ускуналарига 68 минг 673 та ана шундай қурилма ўрнатилди. Туман ва шаҳарларда босқичма-босқич газ тақсимлаш қурилмаларини демонтаж қилиб олиш ишлари давом этмоқда. Йил охирига қадар яна 334 та қурилмани демонтаж қилиш кўзда тутилган.

[gallery-7981]

Матбуот анжуманида жорий йилдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 114 минг 725 та замонавий ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди.

“Ақлли” ускуналар ёрдамида табиий газ фойдаланувчиларидаги қарздорликни қисқартириш ва уни бартараф этиш имконияти яратилгани аҳамиятлидир. Жорий йилнинг айни вақтига қадар “ақлли” ҳисобдон фойдаланувчиларига 76 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик учун 318 минг 864 та огоҳлантириш СМСлари юборилган. Шундан 282 минг 276 нафар истеъмолчи мавжуд қарздорлигини бартараф этган бўлса, 36 минг 588 нафар истеъмолчи 8 миллиард 370 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик учун тармоқдан автоматик равишда тўхтатилган.

Матбуот анжуманида тизим мутасаддилари 2022-2023 йил куз-қиш мавсуми даврида истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш ишлари, газ таъминотини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш йўлида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. 

Жорий йил 1-ярмида 76 нафар ишчи-ходимга нисбатан якка тартибда коррупцион ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактик-тушунтириш тадбирлари ўтказилди. Бўлим томонидан ишчи-ходимларининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада олиб бормаганликлари ва уларнинг хатти-ҳаракатларида коррупция аломатларини аниқлаш мақсадида 29 та хизмат текширувлари ўтказилиб, 27 ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ваколатлари доирасида қонуний чора кўришлик учун маълумот тақдим этилди. Хизмат текширувлари хулосаларига кўра, 18 нафар ходимга нисбатан меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар олди.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА