Газчилар қонунбузарликда пешқадамми?
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жорий йилда 2 мингдан ортиқ, шу жумладан, газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан 1 минг 354 та, шаҳар ҳокимлиги томонидан 306 та, кадастр хизмати томонидан 202 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жорий йилда 2 мингдан ортиқ, шу жумладан, газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан 1 минг 354 та, шаҳар ҳокимлиги томонидан 306 та, кадастр хизмати томонидан 202 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.
Шунингдек, 159 та ҳолатда электр таъминоти корхонаси, 57 та ҳолатда қурилиш бўлими, 11 тасида “Сувоқава” унитар корхонаси, 3 тасида мактабгача таълим бўлими ва муассасалари томонидан ана шундай ҳолат қайд этилган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 9 нафар ходим интизомий (шундан 3 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган) ва 11 нафар мансабдор шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бу ҳақда халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Х.Файзиевнинг тизим фаолияти юзасидан берган ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилганидек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги аҳолига янада қулайлик яратиш, хизмат кўрсатишда шаффофликни таъминлаш, ортиқча югур-югурларни қисқартириш, қолаверса, барча бўғинда коррупциянинг олдини олишни мақсад қилган.
Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ва талаби кундан-кунга ортиб бораётганидан келиб чиқиб, айни пайтга қадар Тошкент вилоятида Давлат хизматлари марказининг 5 та инновацион биноси, шу жумладан, Чирчиқ шаҳрида ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган бино фойдаланишга топширилди. Йил якунига қадар вилоятда яна 10 га яқин биноларнинг топширилиши режалаштирилган. Туман марказидан узоқда жойлашган ҳудудларда 3 та марказ филиали ташкил этилган.
Барча марказлар олис ҳудудларда сайёр қабул ўтказиш учун автомашина билан таъминланган. Шунингдек, бошқармага махсус жиҳозланган 2 та “Исузи” русумли автобус ҳам ажратилган бўлиб, улар ёрдамида жорий йилда фуқароларга 13 мингдан ортиқ сайёр хизматлар кўрсатилди.
2019 йилда Чирчиқ шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга турли йўналишларда 58 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. 1 минг 36 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.