Бухоро вилоятида 167 мингдан ортиқ аҳоли суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган. Газ баллонларини уларга етказиб беришда тизим ходимлари томонидан хавфсизлик масаласига эътибор қаратиб келинади. Жумладан, ҳар бир газ баллонлари белгиланган вақтда синовдан ўтказилиб, аҳолига етказилади. Носоз ҳолга келиб қолган газ баллонлари ҳам қайта таъмирланади.
– Таъкидлаш лозим, газ баллонларини синовдан ўтказиш мақсадида “Қоракўл”, “Вобкент” газ тўлдириш шохобчалари ҳамда Бухоро туманида синов цехлари фаолият олиб бормоқда, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Азиз Расулов. – Улар 2017-2023 йилларда ташкил этилган бўлиб, кунига ҳар бирида 50-55 га яқин газ баллони синовдан ўтказилади. Йил давомида эса умумий ҳисобда ўртача 35 мингга яқин маиший газ баллони синовдан ўтказилиб, бўёқланади. Навбатдаги синов муддати кўрсатилиб, муҳрланади. Бугунга қадар эса 26 600 та газ баллони синовдан ўтказилди.


Газ баллонлари ҳар беш йил давомида синовдан ўтказилар экан, улардан тўғри фойдаланиш ҳамда талаб даражасида ўрнатилиши лозимлиги ҳақида ҳам истеъмолчиларга тушунтиришлар берилмоқда.



Зариф Комилов, ЎзА