Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ баллонлари истеъмолчиларга ўз вақтида етказиляптими?
21:10 / 2024-02-12

“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалининг Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими томонидан жойларда маиший газ баллонларининг тарқатилиши жараёни устидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Қизилтепа туманида ўтказилди. Бугунги кунда туманда 14 минг 436 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд. Тумангаз газ таъминоти бўлими томонидан маиший газ баллонлар ҳар 35-40 кунда белгиланган режа-жадвал асосида ҳудуддаги 35 та маҳаллага навбати билан тарқатиб келинади. Шу ўринда савол туғилади, маиший газ баллонларга ID карталар орқали тўлов қилиняптими? Маиший газ баллонларни истеъмолчига етказишда коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмаяптими? Белгиланган режа-жадвалда кўрсатилган МФЙга маиший газ баллон тарқатиляптими? Уларни истеъмолчига хавфсиз етказиш бўйича қандай чоралар кўрилган? 

Туманнинг Демас ва Работ маҳаллаларида бўлиб ўтган назорат тадбирларида айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди. 

– Ҳар бир истеъмолчи маиший газ баллонни ўз вақтида ҳамда махсус ID карталар орқали олиши лозим, – дейди филиалнинг моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлими етакчи муҳандиси Суҳроб Раҳматов. – Маҳаллаларда олиб бораётган назорат тадбирларимизда шу ва бошқа ҳолатлар юзасидан истеъмолчиларга кенг тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Шу билан бирга маиший газ баллонларни хавфсиз ва зарар етказмасдан, муддатидан кечиктирмай аҳоли хонадонларига тарқатилиши юзасидан ҳам тегишли ходимларга тавсиялар бериляпти. 

– Маиший газ баллонлар ўз вақтида етказиб келинмоқда,–- дейди истеъмолчилардан бири Бахтиёр Ҳакимов. – ID карталар орқали суюлтирилган газ учун тўловларни амалга оширяпмиз. Белгиланган режа асосида ҳар 35-40 кунда маиший газ баллонлар етказиб бериляпти. Газ идораси ходимлари томонидан газ баллонлардан фойдаланиш ва ўрнатиш, тўловни амалга ошириш тартиби ҳақида тушунчалар берилмоқда. 

Бу каби тарғибот ишлари маиший газ баллонлар истеъмолчига етиб боришида шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири