English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ баллонлари ҳар бир хонадонга кириб боради
10:00 / 2022-10-09

“Hududugaz Andijon” газ таъминоти филиали томонидан вилоятдаги 471 минг 869 нафар истеъмолчига 625 минг донадан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларнинг газ баллонлари билан таъминланганлик даражаси 133 фоизга етказилган.

– Истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида бир маромда суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида барча газ тўлдириш шохобчаларида тайёргарлик ишлари якунига етказилди, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Зафарбек Қаҳҳаров.  – Жумладан, “Асака”, “Шаҳрихон” ва “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаларида қўшимча газ қуйиш колонкалари ўрнатилди ва бугунги кунда маший газ баллонларга газ тўлдириш имконияти 30 фоизга ортди.

Ўтган йил куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 41 минг 418 тонна газ етказиб берилган бўлса, жорий йилда барча тоифадаги истеъмолчиларга 43 минг 234 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан  1 минг 816 тонна кўп ҳажмда суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган.

Вилоятда аҳоли хонадонлари ва бошқа турдаги истеъмолчиларга жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 58 минг 873 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилган. Бу дегани, 2 миллион 943 минг донадан ортиқ маиший газ баллонлари “айланма” усул орқали алмаштирилиб берилди. Бугун вилоят бўйича суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги 35-40 кунга тўғри келмоқда.  Ушбу муддатни янада қисқартириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис, ундан фойдаланиш мумкин эмас.  Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг “Асака”, “Шаҳрихон” ҳамда “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчларида маиший газ баллонлардаги оғир қолдиқ газни тўкиб олиш ишлари олиб борилмоқда.

– Ёз кунларида кунига ўртача 30-40 дона газ баллонларидан оғир газ қолдиқлари тўкиб олинган бўлса, куз-қиш мавсумида ушбу кўрсатгич 100-120 донага, айрим кунлари 150 донани ташкил этади, – дейди “Шаҳрихон” газ тўлдириш шохобчаси бошлиғи Саидумар Иминов. – Оғир газ қолдиғини тўкишда ҳар бир тўкилаётган маиший газ баллони аввал тарозидан ўтказилади, оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади. Ўтган йили “Асака”, “Қўрғонтепа” ҳамда “Шаҳрихон” газ тўлдириш шохобчаларида 3 миллион 261 минг 212 дона маиший газ баллонларидан 159 тонна оғир газ қолдиқ тўкиб олинган, шундан 157,75 тоннаси утилизация қилинган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 2 миллион 253 минг 433 дона маиший газ баллонидан 52,25 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган.

Шу ўринда, алоҳида таъкидлаш керакки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни хонадонда, ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас. Бу ҳаёт учун ўта хавфли ҳисобланади. Ушбу жараён махсус жойларда, махсус ускуналар ёрдамида амалга оширилиши лозим. 



Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший газ баллонидан фойдаланишда унинг яроқлилик даврига ҳам алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Янги маиший газ баллони биринчи марта 5 йилда, кейин эса уч йилда албатта, синовда ўтказилиши шарт. Ҳозирда, ҳар бир газ тўлдириш шохобчалари қошида махсус синов цехлари мавжуд. Ўтган йили ана шу цехларда 18 минг 169 дона маиший газ баллони синовдан ўтказилган. 2022 йилнинг тўққиз ойида эса мутахассислар томонидан 17 минг 977 дона маиший газ баллони синовдан ўтказилди.

Куз-қиш мавсумида суюлтирилган газдан оқилона фойдаланиш билан бирга, улардан хавфсиз, белгиланган тартиблар асосида фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айни кунларда мутахассислар томонидан ушбу йўналишда аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, инновацион тeхнологияларни жорий этиш, истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиш тизимини автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида ўтган йилдан бошлаб суюлтирилган газ таъминоти бўйича ҳам ҳар бир истеъмолчини махсус ID карталар билан таъминлаш ҳамда маиший газ баллонларга махсус ёрлиқлар ёпиштириш орқали суюлтирилган газни истеъмолчи томонидан қабул қилиш ва тўловни амалга оширишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи автоматлаштирилган тизим яратилди.

Бугунги кунда вилоятдаги ҳар бир суюлтирилган газ истеъмолчиси ID картасига эга ва суюлтирилган газни автоматик тизим орқали олмоқда.

Умуман, вилоятда жорий куз-қиш мавсумида ҳар бир истеъмолчи хонадонига суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида кириб боришини таъминлаш учун соҳа ходимлари томонидан зарур барча ишлар амалга оширилади.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА