Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ баллонлар тўлиқ онлайн назорат қилинади
11:34 / 2020-12-18

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали томонидан вилоятдаги маиший газ баллонларга махсус стикер ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

 Жараёнда истеъмолчиларга суюлтирилган газ таъминотида автоматлаштирилган тизим жорий этилишининг афзалликлари ҳақида зарур тушунчалар берилмоқда.

Филиал матбуот хизматининг маълумотига кўра ҳисобга олинган жами 86 минг 862 та маиший газ баллонга стикер ўрнатиш режалаштирилган. Айни пайтда 72 минг 117 та газ баллонда стикер бириктириш ишлари якунига етказилган. Истеъмолчиси энг кўп ҳудуд бўлган Хатирчи туманида 26 минг 574 та ҳамда вилоятнинг олис туманларидан Учқудуқда 1524 та газ баллонга стикерлар ўрнатилиб, белгиланган режа тўлиқ бажарилди.

– Маиший газ баллонларга стикерлар ўрнатиш ишларига 9 нафар ходим жалб этилган. Улар иш жараёнида газ баллонларнинг тоза ва қуруқ бўлишига эътибор қаратмоқда. Боиси, стикернинг балонда мустаҳкам туриши учун бу жиҳатлар муҳим. Ёғингарчилик кунлари ҳам ходимлар ишни тўхтатмади. Йил якунига қадар барча туманлардаги газ баллонларга стикерлар тўлиқ ўрнатилиши кўзда тутилган, – дейди филиалнинг суюлтирилган газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси Улуғбек Нуримов.

Маиший газ баллонларга махсус штрих кодли стикерлар ўрнатиш ишлари якунига етгач, тизимдаги II босқич – истеъмолчиларни ID карталар билан таъминлаш ва III босқич – мазкур жараёнларни “Е-gaz” онлайн тизимига улаш ишлари амалга оширилади. Бу дастурда ҳар бир ID-карта рақами бир истеъмолчига бириктирилган бўлиб, газ баллонлари тўлиқ онлайн назорат қилиш таъминланади.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА