“Гашиш" савдосига чек қўйилди
Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг тезкор ходимлари ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида тезкор тадбир ўтказди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар бермоқда.
Олдиндан тезкор кузатувга олинган, фуқаро О.Ю бошқарувидаги “Мерседес” русумли автотранспорт воситаси Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, ушбу автотранспорт воситасининг кабина қисмининг ётоқхонасида аввалдан яшириб қўйилган, йўловчи сифатида кетаётган фуқаро М.А.га тегишли целлофан пакет бўлагига ўралган соф оғирлиги 23,91 грамм “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси моддаси ва 1 дона электрон тарози борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА