“Гашиш” операцияси...
Республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари ҳамкорликда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатларини фош қилди.
Республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари ҳамкорликда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатларини фош қилди.
Коронавирус пандемиясига қарши кучайтирилган тартиб ва карантин даврида фурсатдан устамонлик билан фойдаланишга уриниб, аср вабоси бўлган гиҳёвандлик воситалари ноқонуний айланмаси ва муомаласига қўл урган айрим шахсларнинг жиноятлари ўз вақтида фош этилди.
Жумладан, Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир чоғида аввалдан кузатувга олинган 2 фуқаро тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш жараёнида фуқаро Х.А.нинг чўнтагида 5 дона қоғоз ўрамига жойланган гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Фуқаро Б.Б.да эса Х.А. наркотик моддаларни сотиб олгани учун берган 2 миллион 827 минг сўм ҳамда 200 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқароларнинг Сергели ва Янгийўл туманларидаги хонадонлари ҳам белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам 2 дона елим ўрамларда гашиш гиёҳвандлик воситаси сақланаётгани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахслардан олиб қўйилган гашишнинг умумий миқдори 113.25 граммни ташкил қилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда гашиш гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний муомаласи фош этилди.
Зангиота туманида ҳаракатланаётган “Ласетти” автомашинаси тўхтатилиб, Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология марказида тайёрланган хизмат итлари ёрдамида кўздан кечирилганида, автомашинада йўловчи сифатда кетаётган шахс – фуқаро Я.Ш.нинг ўриндиғи остидан ушбу фуқаро томонидан яшириб қўйилган 1 дона полиэтилен пакетга ўралган 58,99 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда наркотик моддаларни сотиб олиш учун кўзланган 1050 АҚШ доллари борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, фуқаро Я.Ш. мазкур гиёхвандлик моддаларини укасидан олган, укасига эса Андижон вилоятидан фуқаролар М.Р. ва Л.А. етказган.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар вақтинча истиқомат қилаётган Яккасарой туманидаги хонадон ҳам холислар иштирокида ва амалдаги тартибларга асосан кўздан кечирилди.
Бу ерда эса гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда фойдаланилган махсус ишлов берилган жисмлар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз божхоначилари томонидан йил бошидан буён ҳозирга қадар аниқланган 115 қонунбузарлик ҳолатида оғирлиги 22 килограмдан ортиқ, шунингдек, 4888 таблетка кўринишидаги гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.