Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гаровдагиларни озод қилиш чақириғи...
11:22 / 2023-10-13

БМТ гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Ғазо сектори ва Иордан дарёси ғарбий қирғоғида фаластинликларнинг асосий гуманитар эҳтиёжини қондириш учун 294 миллион доллар тўплаш чақириғи билан чиқди. Баёнотда Ғазодан 425 мингга яқин аҳоли уй-жойини ташлаб чиқишга мажбур бўлгани ҳам айтилди.

Халқаро “Human Rights Watch” жамияти Исроил ҳарбий ҳаракат пайтида Ливан ва Ғазога қарши оқ фосфор қўллаганини қайд этди. Ушбу моддадан, одатда, авиа бомба, кассетали ўқ-дори, артиллерия снаряди, мина ишлаб чиқаришда фойдаланилади. БМТнинг тегишли Конвенциясига кўра, оқ фосфорни аҳоли ва фуқаролик объектларига қарши ишлатиш мумкин эмас.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Исроилга қарши бошқа фронтлар ҳам очилиши мумкин, деб баёнот берди. Бу ҳақда Байрутда “Al Mayadeen” телеканалига интервьюда айтилган.

– Эрон Фаластинни сиёсий ва ахборий жиҳатдан қўллашда давом этяпти, – дея қўшимча қилди вазир. – Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги Фаластинни қувватлаш бўйича умумий стратегия доирасида ишлар мувофиқлаштирилмоқда.

Еврокомиссия ва Европарламент раислари Урсула фон дер Ляйен ва Роберта Мецола бугун Исроилга ташриф буюради. Шунингдек, бугун Франция ва Италия ТИВ раҳбарлари Катрин Колонна ва Антонио Таяни ҳам Тель-Авивга келади. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг Исроилга сафари ҳам бугун бошланади. Кеча эса Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга келган.

Қўшма Штатлар собиқ Президенти Дональд Трамп тарафдорлари билан суҳбатда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху истеъфо бериши керак, деган. Бу ҳақда “Rolling Stone” нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.

– Мен 2025 йил президентлик лавозимига киришганимда Нетаньяху ҳукумат раҳбарилигидан кетган бўлиши керак, деган у.

Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Исроилни қўллаб-қувватлаш учун Ўрта ер денгизи шарқий қисмига Қироллик ҳарбий кемалари жўнатилади, дея баёнот берди.

ХАМАС Ғазо секторига гаровга олинган 64 кишини олиб ўтган, деб ёзди “The Washington Post” газетаси. Улар орасида 9 бола, 11 ҳарбий хизматчи бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Қоҳира Фаластин ва Исроил ўртасида воситачилик қилишга интилади, деб баёнот берди Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси. “Al Hadath” телеканали мухбирига у “Миср Ғазо секторида оташкесинни тўхтатиш ва фаластинликлар қайғусини енгиллаштириш, Исроил ва ХАМАС ўртасидаги инқирозни юмшатишга ҳаракат қилади”, деган.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос инқироз томонларини гаровга олинган кишиларни озод қилишга чақирди. Бу ҳақда у Иордания Қироли Абдулла II билан учрашувдан кейин гапирган.

“Al Jazeera” телеканали хабарида айтилишича, “Оддий аҳолини ўлдириш ёки одамларга қўпол муомала қилишни қоралаймиз, бу аҳлоқий ва диний қадриятга тўғри келмайди ва халқаро ҳуқуқ меъёри бузилишини англатади”.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон мулоқотида Ғазодаги инқирозни ҳал этишнинг ягона йўли Фаластин мустақиллигини тан олишдир, деган.

ХАМАС жанговар қаноти – “Изиддин Ал-Қассама бригадаси” гуруҳи тасдиқлашича, Исроил ҳудудига 4,5 минг ракета ҳужуми уюштирилган. Исроил мудофаа армияси 7 октябрдан бери ХАМАСнинг Ғазодаги 3 600 объектига жами оғирлиги тўрт минг тоннага тенг олти минг дона ўқ-дори ишлатган.

Аброр Хон, ЎзА