English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гаров билан таъминланган қарзларни ундиришдаги ҳуқуқий механизм такомиллашади
15:55 / 2025-03-17

Сенат ялпи мажлисида “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

– Мазкур қонун билан кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш ва гаровдаги мол-мулк ҳисобидан кредит қарздорлигини ундириш жараёнларини соддалаштириш назарда тутилмоқда, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Хусусан, гаровга қўйилган мол-мулк эгаси жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этгани учун ундан мол-мулки олиб қўйилса, банкларга ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи берилмоқда. 

Бундан ташқари, гаровдаги мулкни бозор қийматида савдога чиқариш ҳамда қайтмаган қарздорлик суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлганда, ундирувни мулкка қаратмаслик белгиланмоқда.

Қонунда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилганда, ушбу мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи суд қарори билан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Қонунга кўра, гаровдаги мол-мулк қарзни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотилмаганда, давлат ижрочиси томонидан ундирувчи (банк ёки бошқа қарз берувчи ташкилот)га мол-мулкни такрорий аукцион савдолари ёки савдо ташкилотлари томонидан қайта реализация қилиш чоғидаги бошланғич сотиш нархидан 25 фоиз камроқ суммада ўзида қолдириш таклифини билдириш тартиби белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА