Юртимизда босилиб чиқаётган нашрлар (давр тақозоси билан босилиб чиқмаётганлари ҳам кўп) бугун интернетдан ортган бу каби ўз юмушларини амалда бажараётгани ижобий ҳол.
Бундан бир йилча бурун мамлакатимизга келган Корея Республикси журналистларини бирлаштирувчи ташкилот раҳбарлари билан учрашувда меҳмонларнинг бир гапи ёдимда қолган. У интернетдан яхши фойдаланишини, шу билан бир қаторда, ҳақиқий ахборотни, воқеликнинг асл моҳиятини босма нашрларни ўқиб билишини айтган эди. Шу боис ҳар кунлик босма нашрларни, албатта, кўздан кечириб, мутолаа қилиб боришини таъкидлаганди.
Тўғриси, унинг гапи ҳаммага маъқул бўлади, деган фикрдан узоқман. Эътироф этишимнинг боиси шуки, мен бу хулоса билан келиша оламан. Интернет ҳар қанча тезкор хабар етказиши, босма нашрлар кунлар давомида босиб ўтадиган масофаларни сонияларда босиб ўтиши билан қанчалик оммалашмасин, у ҳали энг тўғри манба мақомига даъвогар бўла олмаяпти, назаримда. Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир, ақидасига амал тўлиқ қила олаётгани йўқ.
Шу сабабли босма нашрларнинг ўрни сақланиб қоляпти жамиятда. Бугун нашрларимиз учун энг муҳим мавзу нима? Шу ҳақда мулоҳаза юритар эканмиз, энг муҳим мавзуда, шубҳасиз, чин сўз, таҳлилий хулоса халққа етказилиши масаласи устувор бўлиши керак, деб ўйлаймиз.. Гарчи у кечикиброқ етиб борса-да!
Юртимизда босилиб чиқаётган нашрлар (давр тақозоси билан босилиб чиқмаётганлари ҳам кўп) бугун интернетдан ортган бу каби ўз юмушларини амалда бажараётгани ижобий ҳол.
Хўш, гап нима ҳақда? Гап бугунги газеталар шарҳи заруриятини эътироф этиш ҳақида. Зотан, ҳар қандай тезкор етказилган хабар ҳам босиқлик билан ёзилган мақола сифатида аҳолига етказилишига эҳтиёж бор.
Кечаги ҳафта давомида газеталаримиз саҳифалари шу кунги юмушлар, муаммоларни қамраб олди.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон” газетасининг деярли ҳар бир сонида короновирус пандемияси билан боғлиқ вазият, унинг асоратларига қарши курашиш ва оқибатларини бартараф этиш мавзусида таҳлилий материаллар берилган. Шулардан бири — “Карантин қоидаларига қатъий амал қилайлик!” сарлавҳали мақоладир. Муаллиф — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамованинг таъкидлашича, давлат қанчалик бой ва қудратли, унинг соғлиқни сақлаш тизими эса қанчалик ҳавас қилса арзигулик бўлмасин, агар мамлакатдаги ҳар бир фуқаро ўз соғлиғини, аввало, ўзи ҳимояламаса, бу бебаҳо бойликни асраб-авайламаса, мураккаб вазиятларда белгиланган тартиб-қоидаларга ва интизомга риоя этмаса бундай давлат ҳар қандай эпидемия ва пандемиялар қаршисида ожиз қолаверади.
“Халқ сўзи” газетаси саҳифаларидан ҳам бу мавзуда қатор чиқишлар жой олган. Жумладан, 14 июль сонида эълон қилинган “Ижтимоий муаммолардан холи жамиятда маънавий ва жисмоний иммунитет мустаҳкам бўлади” сарлавҳаси остида туркум мақолаларда бугунги пандемия шароитида мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинган. Уларнинг аҳамияти ҳақида юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари берилган.
Материалда қайд этилганидек, бугун бутун дунё иқтисодиётида ўзгариш кузатилмоқда — аксарият ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини тўхтатган, хизмат кўрсатиш соҳаси хизматларига талаб эса йўқ. Одамлар ишсиз, демак, даромадсиз қолмоқда. Шундай экан, нима қилмоқ керак? Бу саволга шу йилнинг 8 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аниқ ва лўнда жавоб берилди: кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш бугунги пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан-бир йўлидир. Мақолада бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида аниқ мисоллар орқали очиб берилган.
"XXI asr" газетасидаги Озод Ражабовнинг "Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди" мақоласида бир инсон тақдирида юз берган ноҳақ айблов борасида фикр юритилган. Аслида бу — эски мавзу. Лекин шундай ноҳақ айбловларга йўл қўйилаётган экан, мавзу такрорланаверади. Қаранг, Тошкент вилояти суд инстанцияларида кечган мазкур жараёнда айбланувчига қўйилган айбнинг ўзини айб деб аташ мумкин эмас экан. Ўз хусусий мулкини идора қилиш қандай қилиб пора олиш даражасида малакаланган? Яхшиям вилоят суди кассация инстанциялари Меҳриддин Аҳмедовнинг бу ишига оқлов даражасида хулоса ясади. Аммо тадбиркорнинг бир неча йиллик фаолияти, куч-ғайрати, қолаверса, тинчлиги, соғлиғи шу ноҳақ айбловдан қутилиш учун сарф бўлди.
Бу ўринда Президентимиз яқиндагина ўртага ташлаган судлар фаолияти борасидаги, хусусан, бир инстанцияда масалани кўриб чиқишни йўлга қўйиш таклифи ва унинг ижроси борасидаги кўрсатмалари нақадар зарур омил эканлиги янаям ойдинроқ сезилиб қоляпти.
Мамлакатимизда таълим масаласи, назаримда, бугунгидек кенг даражада халқ муҳокамасига чиқмаган бўлса керак. Зотан, шундай бўлиши давр талаби ҳамдир. Давлатимиз раҳбари яқинда бу борадаги халқ дилидаги саволни ошкор айтди. Яъни нега давлатимизнинг шунча йиллар давомидаги катта маблағи ҳисобига таҳсил олган фарзандларимиз олий таълим масканига кириш учун яна маблағ сарфлаб, хусусий таълим бераётганларга, чунончи, репетиторларга мурожаат қилиши керак?
“Оила даврасида” газетаси ранг-баранг мавзуларни қамраб олиш асносида шу мавзуни ҳам беэътибор қолдирмаган. “Яна қанча давом этади?” сарлавҳали мақолада шу ҳақда фикр юритилар экан, ҳақли равишда таълимдаги сифат мавҳумлиги кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги эътироф этилади.
"Постда" газетасининг саҳифалари, шубҳасиз, юртимиз, халқимиз осойишталиги йўлидаги фидойилик, жасоратли юртдошларимиз ҳақидаги лавҳаларга бой. Газета таҳририяти жамиятимизда ноқонуний ҳаракатга қарши курашишнинг асосий йўли тарбия эканлигига ҳам алоҳида урғу бераётганлигини алоҳида эътироф этишни истар эдим. “Кўзни очинг, дегимиз келаверади” сарлавҳали мақолада муаллиф Мавлуда Зокирова бир оиладаги кўнгилсиз ҳолатлардан хулоса чиқаришга чорлайди. Ахир, оилада мурғаккина болажонлар ўз оталарнинг боридан йўғи яхши эди, деб нола чекиб турса, бунга ким бефарқ қарай олади? Бу мақолани ўқиб, тарбия ростданам ҳаёт-мамот масаласи эканлигини яна бир эсласак, ажаб эмас.
"Миллий тикланиш" газетасида чоп этилган она тилимиз тақдирига оид мунозара аслида бугун кенг жамоатчилик эътиборида. Айниқса, шу кунларда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлган бу мавзудаги мунозарада сиёсий партия раҳбари Алишер Қодиров ва олим Азамат Зиёнинг хулосалари билан қатнашиши ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди, назаримда.
"Адолат" газетаси ўз саҳифаларида "Дахлсиз органга таҳдидни қандай баҳолаш мукин?" деган саволни ўртага ташлабди. Савол бежиз эмаслигини сезиб турибсиз. Халқимиз орасида, нуфузли идораларда, шунингдек, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозралар мавзуси бўлаётган воқеликлар ҳақида гап! Фаолияти дахлсизлиги эътироф этилган судяларнинг карантин чекловлари баҳонасида "кечирганлари" нимани билдиради? Жамиятнинг фаоллашувиними ё баъзи бир масъул ташкилотлар вакилларининг дахлсизлик мақомини тан олмаётганлигиними? Хуллас, газета бу баҳсли мунозарани давом эттирган.
"Ватанпарвар" газетаси ўз мавзулари доирасини ватанпарварликнинг ғоявий қирраларини кенгайтириш билан бойитаётганлиги қувонарли, албатта. Газета мухбири Инобат Иброҳимованинг Қирғизистоннинг буюк адиби Чингиз Айтматов ва қозоқ адабиётининг йирик вакили Мухтор Шохоновлар мулоқотидан дурдоналар териб ёзган ўгитномаси маънавий оламингизни бойитиши, шубҳасиз.
"O’zbekistonda sog’liqni saqlash — Здравоохранение Узбекистана" газетасида коронавирус талафотидан сақланиш чораларига катта эътибор қаратган. Бу табиий, албатта. Хусусан, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гулнора Ибодованинг маслаҳатлари ҳар бир оила даврасида ўқиб, фойдали хулоса қилишига арзийди.
Биз ушбу шарҳимизда саноқлигина нашрларимиз ҳақида сўз юритдик. Шубҳасиз, бу бугунги карантин даври чекловлари билан ҳам боғлиқ. Ўйлайманки, кейинги шарҳларимизда қолган нашрларимиз саҳифалари ҳам кенг ёритиб борилади.
Чори Латипов,
“Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
* * *
ЭСЛАТМА: келаётган якшанбада ҳафта давомида матбуотда қайси мавзулар қандай ёритилганини “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири ўринбосари вазифасини бажарувчиси Абубакир Ўрозов шарҳлайди.