Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гапини пулга таржима қилдириб, тайёр нарсани баён этолмайдиган «диссертант» керакми ёхуд қайси фан муҳимроқ? ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ
12:41 / 2020-12-07

Она тилини ўқитиш борасида кенг кўламли илмий, амалий ишлар қилинди ва бу жараён узлуксиз давом этмоқда.

Чунончи, Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, шоир ва ижодкорлар номидаги ихтисослаштирилган ижод мактабларининг бунёд этилиши, академик лицейларда ижтимоий-гуманитар (филология) йўналишларининг фаолият олиб бориши фикримизнинг далилидир.  

Бундай таълим муассасаларида она тили ва адабиёт фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Бундан мақсад ўқувчиларнинг кундалик илмий ва касбга доир соҳаларда фаолият олиб боришлари учун коммуникатив компетенциясини шакллантиришдан иборат.

Бу эса она тили фанини ўз-ўзидан рус тили ва инглиз тили фанлари билан интеграция усулида боғлаб ўтишни тақозо қилади. Бунинг учун ўқувчи ўзга тиллардан ўзлашган сўзларни ўша тилларнинг фонетикаси, орфоэпияси ва орфографиясига мувофиқ талаффуз қилиши, ёзиши ва энг асосийси, шу сўзларнинг луғавий маъноларини билиши керак бўлади.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг барчасида она тили ўқитишдаги қоидабозликдан воз кечиб, ўқувчиларнинг эркин фикрлаши, содда ва равон сўзлаши, ўз фикрини нутқий шароит, нутқий вазиятга мос равишда ифодалаши учун янгича дарсликлар, қўлланмалар, дастурлар яратиш борасида соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар.

Хусусан, 2020 йил 20 октябрь куни Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Она тили ва адабиёт фанлари Миллий ўқув дастури лойиҳасининг тақдимот анжумани бўлиб ўтди.  

Унда ҳам ўқувчиларимизнинг она тили фанларини ўқитишдан асосий мақсад қилиб мустақил фикрловчи, ёзма ва оғзаки нутқда фикрини эркин баён қила оладиган, имло хатоларсиз ёза оладиган саводли авлодни тарбиялаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бундай қараш ва амалиёт хориж таълим муассасаларида, шунингдек, юртимиздаги нодавлат таълим муассасалари – ўқув марказларида инглиз тилини ўқитиш амалиётида қўллаб келинмоқда ва бу ўз самарасини бераётганини фарзандларимиз олаётган халқаро сертификатларда кўришимиз мумкин. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз. Бунинг учун қуйидаги саволларга жавоб топсак:

ЎЗБЕК ТИЛИ ВА АДАБИЁТИМИ ЁКИ ЎЗБЕК ФИЛОЛОГИЯСИМИ?

Она тили ва адабиёт фани мутахассисларини тайёрлайдиган йўналишларда ўқувчилар асосий фанлар учун она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларини чуқур билиши керакми ёки она тили ва адабиёт ҳамда инглиз тили фанларини яхши ўзлаштирган бўлиши керакми?

Вазифаси бир хил, лекин номланиши икки хил бўлган бу йўналишларда ОТМга кириш тестларида абитуриентлар иккала йўналиш учун бир хил фанлардан тест топшириқларини бажариши керакми ёки турли хил фанлардан топширишлари керакми?

Бу соҳа вакилларининг келгуси фаолиятида иккинчи асосий фан сифатида тарих фани муҳимми ёки инглиз тили фани зарурроқми?

Бу саволларга жавоб беришдан олдин педагогика институтлари ва университетлардаги Ўзбек тили ва адабиёти ва Ўзбек филологияси факультетларининг умумий ва фарқли томонларига қуйидагича:

   ЎЗБЕК ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ ФАКУЛЬТЕТИ –  Ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчилари тайёрланади. Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, бу факультетни битирган кўплаб талабалар илмий тадқиқот ишларини олиб бориб, педагогика, фалсафа ва филология фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилмоқдалар.

 ЎЗБЕК ФИЛОЛОГИЯСИ ФАКУЛЬТЕТИ – бўлажак филолог олимлар тайёрланади. Лекин бу факультетни битирган талабаларнинг айримларигина мазкур йўналишда илмий фаолият олиб боради. Aксарияти эса умумий ўрта таълим, академик лицей ва касб-ҳунар мактаб (техникум)ларда ўқитувчилик қилмоқдалар.

Маълум бўладики, ихтисослаштирилган мактаблар, академик лицейларнинг филология йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчилар, ОТМларнинг Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда Ўзбек филологияси факультетларида «олтин давр»ини сураётган талабалар асосий фан сифатида жаҳон тарихини давом эттиришлари уларнинг ҳақиқий мутахассис бўлиб етишлари, илмий тадқиқот ишларини олиб боришлари учун аҳамиятлими ёки халқаро тил сифатида инглиз тилини чуқур ўрганишлари афзалми?  

Бизнингча, бу йўналишда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар мажбурий фанлар таркибида бўлган Ўзбекистон тарихи фани билан кифояланиб, инглиз тилидан имтиҳон топшириб, бу тилни янада мукаммал ўрганганлари фойдалидир.

НЕГА?

ОТМ талабасига айлангандан сўнг талабалар Ўзбекистон тарихи фанини ҳафтасига икки соат, инглиз тили фанини эса ҳафтасига тўрт соат ўқишади. Яна шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихи фани тўрт йил давомида атиги бир семестр ўқитилади, жаҳон тарихи эса умуман ўқитилмайди. Халқаро тиллардан бири, хусусан, инглиз тили бакалавр даражасини олгунига қадар педагогик амалиётдан ташқари, барча семестрда ўргатилади.  

Шунингдек, талаба ёки мутахассис илмий фаолияти давомида ўз мақолаларини ёзишда, чоп этишда, уни ҳимоя қилишда инглиз тилига мурожаат қилади, керакли ўринларини инглиз тилига таржима қилади. Бу иш қўлидан келмаса, пул бериб, тилмоч қириб, асаблари бузилиб таржима қилдиради.  

Магистратурага ўтишда ҳам асосий фаннинг бири сифатида инглиз тили фанидан имтиҳон топширади. Бунда ҳам улар маблағ сарфлаб ихтиёрий-мажбурий равишда инглиз тилини ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Мактаб, лицей ва ОТМларда ишлаб малака ошириш институтларига борганларида ҳам тарих фанини эмас, инглиз тили фанини ўқиб, бу фанлар бўйича кириш ва чиқиш тестларини топширишади, ҳатто ҳимоя ишининг маълум асосий мағзини инглиз тилида гапириб беришлари талаб қилинади. Шундай экан, бу соҳа вакиллари учун қайси фан муҳимроқ? Тарих ёки инглиз тили?

Она тили ва инглиз тили ёки инглиз тили ва она тили фан блокларини чуқур ўрганган ўқувчи, талаба ва мутахассис ўз фанини фанлараро боғлиқ равишда ўтади, мақола ёзишда ва таржима қилишда ҳеч қандай муаммоларга дуч келмайди, ўз фикрини хоҳ она тилида бўлсин, хоҳ инглиз тилида бўлсин эркин ва равон баён эта олади.

Бу борада биз Ўзбек тили ва адабиёти факультети деканларига, шу соҳанинг масъул вакилларига қуйидаги савол билан мурожаат этмоқчимиз:

- Сизга она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларини билган талабалар керакми ёки она тили ва адабиёт ҳамда инглиз тили фанларини пухта ўзлаштирган соҳа вакиллари керакми?

- Сизга ўз фанини она тили ва инглиз тилларида ўта оладиган замонавий ўқитувчи керакми ёки …?

- Сизга ўз битирув малакавий ишини икки тилда: ҳам оғзаки, ҳам ёзма шаклда ҳимоя қиладиган диссертант керакми ёхуд икки қатор гапини пулга таржима қилдириб, тайёр нарсани икки оғиз гап билан баён эта олмайдиган «диссертант» керакми?!

- тил ўрганишда жаҳон стандартларига мувофиқ ҳозирда бизга ҳам жорий етилаётган ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, ўз нутқини оғзаки ва ёзма баён эта олиш кўникмаларини шакллантиришда қайси бири аҳамиятли?!

Шулардан келиб чиққан ҳолда, шу фаннинг мутахассиси сифатида академик лицейларининг ижтимоий-гуманитар (филология) йўналиши, ОТМларнинг Ўзбек тили ва адабиёти факультетларига кириш имтиҳонида Ўзбек филологияси йўналишларидаги каби она тили ва адабиёт фани билан биргаликда асосий фан сифатида инглиз тили фанини киритишларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази масъулларига таклиф қилиб қоламиз.

Тўлқин Холжўраев,

Aзамат Ирматов,

Жиззах давлат педагогика институти академик лицейи она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари