Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гандболчиларимиз клублар ўртасидаги қитъа чемпионатида қатнашмоқда
09:51 / 2024-09-20

Бугун, 20 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида гандбол бўйича аёллар клублари ўртасида VII Осиё чемпионати мусобақалари бошланди.

Мазкур нуфузли мусобақага 2016 йили асос солинган бўлиб, ўтган йиллар давомидаги баҳсларда икки марта Қозоғистоннинг “Қайсар” ва Жанубий Кореянинг бир марта "Сугар глидерс” клублари, шунингдек, бир мартадан “Олмаота” (Қозоғистон), АГМК (Ўзбекистон) жамоалари чемпионликка эришган. Бу галги чемпионат баҳсларида Қувайт, Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг биттадан, Қозоғистоннинг 2 та гандбол клуби иштирок этмоқда.

Кеча баҳслар олдидан ташланган қуръа натижаларига кўра, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Ўзбечка” жамоаси бугун ўтадиган илк ўйинда Ҳиндистоннинг “Golden Iglz Bxarat” жамоаси билан куч синашади. Баҳслар 29 сентябрга қадар давом этади.

Бугун мазкур чемпионат доирасида Олмаотада гандбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида жорий йилнинг 1-12 декабрь кунлари ўтадиган XX Осиё чемпионатига қуръа ташлаш маросими ташкил этилади. Қуръага кўра, 10 та жамоа дастлабки босқичда ҳар бири 5 тадан икки гуруҳга тақсимланади.

Қуйида жамоаларнинг саватчалардаги жойлашуви билан танишинг:

1-сават: Қозоғистон, Жанубий Корея.

2-сават: Япония, Хитой.

3-сават: Эрон, Ҳиндистон.

4-сават: Ўзбекистон, Гонконг (Хитой).

5-сават: Австралия, Сингапур.

Т. Рўзиев, ЎзА