Гандболчилар Ўзбекистон кубоги учун курашди
Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги якунланди.
Саккиз кун давом этган мусобақаларнинг эркаклар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсида Тошкент вилоятининг ОКМК жамоаси Хоразмнинг “Маъмун” жамоаси билан куч синашиб, 35:29 ҳисобида ғалабага эришди.


Ортда қолган беллашувлар ҳисоб-китобига кўра, ОКМК жамоаси 1-ўринни эгаллади. Хоразмнинг “Маъмун” жамоаси ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари кейинги поғоналардан жой олди.

Аёллар биринчилигининг ҳал қилувчи учрашувида ОКМК жамоаси хоразмлик рақибларини доғда қолдирди ва олтин медаллар шодасига эга чиқди. Ўз навбатида 2- ва 3-ўринлар Урганч РАНЧ (Хоразм вилояти) ҳамда Қорақалпоғистоннинг талаба-спортчилар жамоасига тегишли бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган спортчи-ёшлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА