Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гандбол: Ёшларимиз қитъа чемпионатини 8-ўрин билан якунлади
16:16 / 2022-08-31

Баҳрайнда гандбол бўйича Осиёнинг 11 та мамлакати ёшлар терма жамоалари иштирокидаги қитъа чемпионати поёнига етиб бормоқда.

Жорий йилнинг 20 августида бошланган ўйинларда жамоалар қуръа натижасига кўра, икки гуруҳга бўлинган ҳолда жаҳон чемпионати йўлланмалари учун кураш олиб боришди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси “А” гуруҳида Жанубий Корея, Эрон, Баҳрайн ҳамда Ҳиндистон жамоалари билан баҳслашди.  

“В” гуруҳида Япония, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Ироқ ва Қувайт вакиллари ўз гуруҳидаги етакчиларни аниқлаш учун ҳаракат қилишди.

Ҳамюртларимиз дастлабки учта учрашувда мағлубиятга учради. Аввалига терма жамоамиз аъзолари Баҳрайнга 21:28 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, кейин Эронга 23:34, Жанубий Кореяга 21:39 кўринишида ютқазди. Гуруҳдаги сўнгги учрашувда гандболчиларимиз Ҳиндистон терма жамоасини 41: 25 ҳисобида доғда қолдирди.

Гуруҳдаги саралашлар натижасида ҳамюртларимиз 7-8 ўринлар учун курашиш имкониятига эга бўлди.

Кеча, 30 август куни терма жамоамиз аъзолари “В” гуруҳида 4-ўринни эгаллаган Қатар ёшлар жамоаси билан рўбарў келди. Шиддатли ва муросасиз ўйинда вакилларимизга бир оз омад кулиб боқмади. Бу натижада ҳам акс этди. Ўзбекистон-Қатар – 28:29. Бу, ҳамюртларимизнинг қитъа чемпионатини 8-ўрин билан якунлашига олиб келди.

Ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида олтин ва кумуш медаллар учун курашни Жанубий Корея, Эрон, Япония ҳамда Саудия Арабистони жамоалари давом эттиришмоқда.

Сўнгги сарҳисобга кўра, “А” гуруҳида вакилларимиз билан беллашган Жанубий Корея ва Эрон олтин медал учун курашса, Япония-Саудия Арабистони “дуэли”да бронза медали масаласи ҳал бўлади.

Эслатиб ўтамиз, чемпионатда энг яхши натижа қайд этган бешта жамоа 2023 йили Хорватияда ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА