Гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Тольятти шаҳрида Россия чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби “Лада” жамоаси билан куч синашди.
Айтиш лозим, юртимиз гандболчи қизлари Россия Федерациясида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғин доирасида назарий ва амалий машғулотлар қатори ўртоқлик ўйинларида майдонга тушиш асносида тажриба оширмоқда.

Таркибида ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчилари ҳамда жаҳон чемпионатларининг совриндорларини жамлаган “Лада” жамоаси билан ўтган баҳсда ҳамюртларимиз кичик ҳисобда имкониятни бой берди.
Учрашув якунлангач “Лада” жамоаси бош мураббийи, олимпиада ғолиби ва жаҳон чемпиони Екатерина Маренникова ўзбекистонлик гандболчиларнинг ўйини ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Россияда ташкил этилаётган ўқув-йиғин Ўзбекистон терма жамоаси учун пойтахтимизда ўтадиган Марказий Осиё ва Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Т.Рўзиев, ЎзА