Бугун, 25 февраль куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида ўтаётган Ўзбекистон чемпионати 1-давра ўйинларининг тўртинчи кунги учрашувлари ташкил этилади.
Унда эркаклар жамоаларидан Самарқанд вилоятининг "СамДУ" жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари билан, Тошкент шаҳри жамоаси Бухоронинг "БухДУ", Андижон гандболчи йигитлари Фарғонанинг "Қўқон ДУ" ҳамда Тошкент вилоятининг "OKMK" жамоаси Навоий вилояти жамоаси билан куч синашади.

Аёллар жамоалари ўртасидаги тўртинчи кунги баҳсларда Наманган гандболчи қизлари Самарқанд, Жиззах жамоаси чемпионатнинг бирон ўйинида мағлубиятга учрамаган Тошкент, Навоий вилояти вакиллари Тошкент вилоятининг "OKMK" қизларига қарши ҳаракатланса, Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази жамоаси 1-давра ўйинларида 2 та ғалаба, 1 та мағлубиятга эга Хоразмнинг “Ranch” жамоаси қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Кеча аёллар жамоалари ўртасидаги ўйинларда “Ranch” гандболчи қизлари пойтахт жамоасига 24:26 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шунингдек, Жиззах – Навоий 32:42, ОКМК – НамДУ 40:25, РОПСТТМ – Самарқанд 18:18 натижалари қайд этилди.
Мусобақалар 28 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА