Эртага, 20 август куни пойтахтимиз Тошкентда гандбол бўйича йигирма ёшгача бўлган (U-20) қизлар жамоалари ўртасида XVIII Осиё чемпионати (18th Asian Women’s Junior Handball Championship) баҳслари бошланади.
Осиё қитъасининг 10 та давлатидан миллий терма жамоалар қатнашадиган чемпионатда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси “А” гуруҳида Хитой, Хитой Тайпейи, Ҳонг Конг ва Ҳиндистон жамоалари билан баҳс олиб борса, “Б” гуруҳида Жанубий Корея, Япония, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон жамоалари рўбарў келади.
Ҳамюртларимиз илк ўйинни 20 август куни Ҳиндистон, 21 август куни Ҳонг Конг, 24 август Хитой Тайпейи, 25 август куни Хитой жамоасига қарши ўтказади.

Терма жамоалар қитъа чемпионлиги учун баҳслашиш билан бирга, 2026 йили ўтадиган жаҳон чемпионатига бериладиган тўртта йўлланмани қўлга киритиш йўлида кураш олиб боради.
Ўйинларни 8 та давлатнинг 16 нафар ҳаками бошқариб боради. Улар орасида ўзбекистонлик Севара Разақбергенова ва Заҳро Аллаёрова ҳам ҳакамлик қилиши белгиланган.
Бугун, 18 август куни чемпионатда иштирок этадиган жамоалар учун мандат комиссиясининг йиғилиши, ҳакамлар учун семинар ташкил этилади.
Мусобақалар 29 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА