Бугун, 26 апрель куни Покистоннинг Файсалобод шаҳрида гандбол бўйича U-17 ва U-19 қизлар жамоалари ўртасида ўтаётган Халқаро гандбол федерацияси кубогининг III Марказий Осиё босқичи сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча ташкил этилган U-19 жамоалари ўртасидаги баҳсда муддатидан аввал кейинги босқичга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритган гандболчи қизларимиз Тожикистон жамоаси билан рўбарў келиб, қўшни мамлакат вакилларини 39:16 ҳисобида мағлуб этди.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон U-17 ва U-19 терма жамоалари Файсалободда кечган баҳсларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Гандболчи қизларимиз Покистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон устидан ишончли ғалабага эришиб, Марказий Осиё ҳудудида тенгсиз эканини яна бир карра намойиш этди.
Бугун Ўзбекистон U-17 жамоаси биринчилик ғолиби сифатида охирги учрашувини Покистон жамоасига қарши ўтказади.

Айтиш лозим, мусобақанинг иккала ёш тоифасида ҳам Ўзбекистон терма жамоалари муддатидан олдин чемпионликка эришди ва Осиё босқичи йўлланмасига эга чиқди.
Ўзбекистон U-19 ва Тожикистон U-19 терма жамоалари учрашувида гандболчимиз Зиёда Рисқулова мусобақанинг энг яхши ўйинчиси, дея эътироф этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА