Гандбол: “Мустақиллик кубоги” Ўзбекистон ва Қозоғистон жамоаларига насиб этди
Гандбол бўйича мамлакатимиз мустақиллигининг 33-йиллигига бағишлаб эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида ўтказилган “Мустақиллик кубоги” халқаро турнири ёш спортчиларга катта маҳорат майдони вазифасини ўтаган бўлса, томошабинларга бир олма завқ бағишлади.
Шиддатли кечган мусобақалар сарҳисобига кўра, эркаклар жамоалари ўртасида 1-ўрин “ОКМК” ГК (Ўзбекистон) жамоасига насиб этган бўлса, 2-ўрин “Тошкент” (Ўзбекистон), 3-ўрин “Alatau champions” GK (Қозоғистон)га тегишли бўлди.
“Мустақиллик кубоги”нинг қизлар ўртасидаги баҳсларида KGU “Qaysar” (Қозоғистон) жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади. 2-ўрин Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига, 3-ўрин “ОКМК” ГК (Ўзбекистон) вакилларига насиб қилди.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Таиланд давлатларининг бир қатор жамоалари иштирок этган мусобақанинг тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар, алоҳида кўрсаткичга эришган ёш спортчиларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА