Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гандбол: Клублар ўртасидаги қитъа чемпионатида вакилларимиз пешқадамлар сафида
12:50 / 2022-10-06

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида гандбол бўйича аёллар жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатида Тошкентнинг “Ўзбек” жамоаси ҳам ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.

Айтиш лозимки, бешинчи бор ташкил этилаётган клублар ўртасидаги ушбу чемпионат аслида бундан икки йил муқаддам ўтказилиши керак эди. Аммо, минтақада эпидемиологик вазиятнинг мураккаблиги сабабли мусобақалар икки бор кечиктирилди.

Жорий йилнинг 1 октябридан бошланган чемпионатда қитъанинг олтита мамлакатидан 7 та жамоа қатнашмоқда. Мусобақанинг дастлабки учрашувларида ҳамюртларимиз аввалига Ҳиндистоннинг “Sports” жамоасини 49:19 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, кейинги ўйинда Жанубий Кореянинг “Шугар Глидерс” жамоасига 35:25 кўринишида имкониятни бой берди.  

Ўзбекистон гандболчи қизлари 3 октябрь куни Қувайтнинг “Ал-Курайн” жамоасини 33:22, 5 октябрь куни Эроннинг “Фулод Сепахон” вакилаларини 35:30 ҳисобларида мағлубиятга учратди.

Гандболчи қизларимиз бугун, 6 октябрь куни Алматининг “Алатау Арулари” жамоаси билан баҳс ўтказади. Шунингдек, 8 октябрь куни Қозоғистоннинг яна бир жамоаси “Достик” билан тўқнаш келади.

Ўтказилган ўйинлар натижасига кўра, ҳозирча вакилларимиз 7 та жамоа орасида 6 очко жамғарган ҳолда Қозоғистон, Жанубий Корея жамоалари билан мусобақа жадвалида кучли учликда бормоқда.

Айлана тарзда давом этаётган клублар ўртасидаги қитъа чемпионати баҳслари 9 октябрь куни поёнига етади.

 

Тўлқин Рўзиев, 
ЎзА