Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гандбол: 1-турдаги ғалаба 2-турда давомийлик касб этадими?
11:42 / 2024-02-29

Пойтахтимизда гандбол бўйича 18 ҳамда 20 ёшли қизлар ўртасида ўтказилаётган “IHF Trophy” турнири дастлабки тур ўйинлари якунланди.

Америка, Европа, Осиё ва Океания қитъасининг 9 та мамлакатидан етакчи жамоалар иштирок этаётган турнирнинг 1-тур ўйинларида ҳар икки ёш тоифасидаги мусобақаларда Ўзбекистон гандболчи қизлари ғолибликка эришди.  

 28 февраль – 3 март кунлари ўтадиган “IHF Trophy” турнирининг қитъалараро босқичи 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги мусобақада ҳамюртларимиз Гватемала вакилларини 36:19 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, ушбу ёш тоифасидаги Нигерия – Гваделупа жамоалари ўртасидаги ўйин 28:23 кўринишида Африка вакиллари фойдасига ҳал бўлди.  

 Халқаро турнирнинг 20 ёшгача бўлган гандболчи қизлари ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон – Мексика 45:26, Перу – Буюк Британия 12:40 ҳисоблари қайд этилди.  

 Таъкидлаш лозим, баҳслар “Алпомиш” спорт мажмуаси ҳамда Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилмоқда. U18 тоифасида Ўзбекистон, Гваделупа, Янги Каледония, Нигерия, Гватемала, Косово жамоалари кураш олиб бормоқда. 20 ёшлилар ўртасидаги мусобақада эса Ўзбекистон, Янги Каледония, Мексика, Буюк Британия, Перу, Гвинея вакиллари иштирок этмоқда.  

 Бугун, 29 февраль куни 2-тур ўйинлари ўтказилади. U18 тоифасидаги баҳсларда мусобақа низомига кўра, Янги Каледония – Нигерия, Косова – Ўзбекистон рўбарў келса, 20 ёшгача бўлган жамоалар ўрасидаги ўйинда Янги Каледония – Ўзбекистон, Гвинея – Перу жамоалари куч синашади. Умид қиламизки, 1-турдаги муваффақиятли юриш иккинчи турда ҳам давом этади.  

 Эслатиб ўтамиз, Тошкентда кечаётган “IHF Trophy” турнирида ғолибликка эришган жамоалар жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.  

Т.Рўзиев,  

ЎзА