Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ганалик оиланинг Андижонда туғилган эгизак фарзандларига гувоҳнома берилди
16:23 / 2020-12-25

Андижон шаҳар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимида Гана Республикаси фуқаролари Эммануэл Аквей ҳамда Суссанна Мфумларнинг Андижон шаҳрида туғилган фарзандлари Марвен ва Арвенга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

Ганалик ёш оила Ўзбекистонга жорий йилнинг март ойида АҚШлик кўнгиллилар орасида ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш мақсадида келган. Айни пайтда улар Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бермоқда.  

Эммануэл Аквей ҳамда Суссанна Мфумлар Андижон шаҳар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимига Андижон вилоят перинатал марказида ўғил эгизак фарзандлар кўрганликларини маълум қилиб, фарзандлари туғилганлигини қайд этишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Уларнинг мурожаати ФҲДЁ бўлими томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилиб, болаларнинг ҳақиқатан Андижон шаҳрида туғилганлиги тасдиқланиб, далолатнома ёзувлари қайд этилди.  

Куни кеча Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев томонидан хорижлик фуқароларга фарзандлари Марвен ва Арвенларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

– Фарзандларимизнинг туғилганлиги қонуний қайд этилиб, уларга тегишли тартибда гувоҳнома олдик,  – дейди хорижлик мутахассис Эммануэл Аквей. – Энди юртимизга қайтганимизда уларни рўйхатга олишда қийинчиликлар вужудга келмайди. Ишимиз тез ва осон ҳал бўлгани, қолаверса, бизга кўрсатилган хурмат ва эътибордан беҳад хурсандмиз.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, хорижлик фуқароларнинг фарзандлари туғилишининг қайд этилиши Андижон шаҳридаги биринчи ҳолат эмас. Шу йил ноябрь ойида шаҳар фуқаролик далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан Молдова Республикаси фуқаролари Николай Сарбон ва Анастасия Преиданинг Андижон шаҳрида туғилган фарзанди Василий Преиданинг туғилганлиги ҳам қайд этилган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА