Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани Имом Бухорий маҳалласида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган Фируза Издиллиевага ҳам қиш мавсумида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган моддий ёрдам берилди.
Бир нафар вояга етмаган фарзандни тарбиялаётган Фируза опа сўнгги йилларда бир нечта ижтимоий ёрдам турлари билан қамраб олинган. 2024 йилда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан электрон юритмади аравача билан таъминланди. Кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси тайинланди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали дори-дармон харажатлари қопланди. Соғлиғини тиклаш мақсадида санаторийга навбатга қўйилди.

Фируза опа “Камбағал оилалар реестри”га киритилиб, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасидаги уйда қараб туриш хизмати билан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
– Менга кўрсатилган эътибор ва ёрдамлар оилам учун катта таянч бўлди. Ҳар бир хизмат, ҳар бир кўмак ҳаётимизни енгиллаштирди, фарзандимга қарашни осонлаштирди. Энг муҳими мен ўзимни ёлғиз эмаслигимни ҳис қилдим. Бундай ғамхўрлик бизга янги куч ва умид беради, – дейди Фируза опа.
Таъкидлаш жоиз, Қоровулбозор туманида жами 407 нафар эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам тайинланган.
Зариф Комилов, ЎзА