Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғамхўрлик кўрсатиш қадриятдир
15:16 / 2025-10-15

Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган Ўлмас Тошев 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, кучли ирода ва ижтимоий фаоллиги билан кўплаб юртдошларига ўрнак бўлмоқда. Сўнгги 15 йилдан буён ёлғиз яшаётган Ўлмас ака маҳалла аҳолисига маиший техникаларни таъмирлашда, пайвандлаш ишлари билан ҳам кўмак беради.

Маҳаллада комплекс хизмат кўрсатувчи ходим Манзура Атоеванинг ташаббуси билан маҳалла аҳли, ёшлар етакчиларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи ҳамда саховатли инсонлар бирлашиб, Ўлмас аканинг ҳовлисидаги бўш турган хонани ҳашар йўли билан тозалаб, таъмирлашди. Таъмирдан сўнг хона замонавий устахонага айланди ва Ўлмас ака ўз устахонасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлди.

Ҳомийлар томонидан беғараз тақдим этилган пайвандлаш ва кесиш аппаратлари берилди. Эндиликда Ўлмас ака нафақат ўз касби билан шуғулланмоқда, балки ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларнинг фарзандларига касб сирларини бепул ўргатмоқда. Бу эса унинг нафақат ҳунарманд, балки устоз сифатида ҳам жамиятда ўз ўрнига эга бўлаётганини кўрсатади.

Маҳалладошларнинг меҳрли ёндашуви, ҳамкорлиги туфайли бир инсон нафақат мустақил яшаш, балки бошқаларга фойда келтириш имкониятига эга бўлди. Энг муҳими, бу ташаббус маҳаллада ижобий муҳит яратди, бир-бирига кўмаклашиш, ғамхўрлик қилиш каби қадриятларни мустаҳкамлади.

Ҳаётда ҳар қандай синовдан сўнг қуёшли кунлар келади. Фақатгина инсонни қўллаб-қувватлаш, унга имконият яратиш керак. Шунда у ҳам ўз навбатида жамиятга фойда келтиради, келажак авлодни ҳунарга ўргатади ва юртга хизмат қилади. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.