Бухоро вилояти Олот тумани “Ўзбекистон” маҳалласида бугунги кунда 3170 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Шундан 73 нафари ногиронлиги бўлган шахслар. Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш борасида мунтазам иш олиб бормоқда.
Туман миқёсида 23 нафар ногиронлиги бўлган шахс протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланди. Бу орқали уларнинг кундалик ҳаёт фаолиятида қулайликлар яратилди, ҳаракатланиш имкониятлари кенгайди.

Шундай эътибор ва ғамхўрликдан ака-сингил Ҳасан ва Фотима Рўзиқулов ҳам баҳраманд бўлди. Ҳасан болаликдан 1-гуруҳ ногиронлиги, Фотима эса 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади.
Ижтимоий ходим уларнинг ҳолатини ўрганиб, эҳтиёжларидан келиб чиқиб Ҳасанга электрон юритма аравача, Фотимага эса ортопедик пойабзал олиб берди. Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан дори-дармон хариди учун моддий ёрдам ажратилди, оналарига қаровчи сифатида иш бириктирилди, ака-сингилга санаторий йўлланмалари тақдим этилди, Фотима эса адаптив спортнинг пара-шахмат турига жалб қилинди.
– Авваллари уйда кўп ҳолларда ёрдамга муҳтож бўлардим. Аравачам эскириб кетган, ҳаракатланишим қийин эди. Энди эса янги аравача ёрдамида ўзим мустақил чиқиб кираман, ишларимни бажара оламан. Бизни эслаб, ҳолимиздан хабар олаётганларга раҳмат. Шу эътибор инсонни руҳлантирар экан, – дейди Ҳасан Рўзиқулов.
Бу каби амалий ишлар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг фаол ҳаётга қайтиши, ўз имкониятларига ишончи ортиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА