Самарқанд вилоятида жорий йилда 43 триллион 300 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрланди. Жумладан, 678,7 минг тонна дон, 258 минг тонна пахта хом ашёси, 950 минг тонна картошка етиштирилди. Йил давомида 148 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинди. Ушбу йил ҳисобидан ҳали яна бир неча минг тонна маҳсулот ички бозорга, шунингдек, экспортга чиқарилади.
Албатта, бу рақамларга ўз-ўзидан эришилмади. Бунинг ортида қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирамаси, баҳорнинг гоҳ серёғин, гоҳ иссиқ кунларию кузнинг ҳар лаҳзаси ғанимат дамларидаги фидокорона меҳнат, деҳқон ва фермерларнинг қадр топиши, қишлоқ хўжалигига давлат томонидан қаратилган улкан эътибор, яратилган имконият ва қулайликлар мужассам, десак муболаға бўлмайди.
Қолаверса, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида бошқарув тизимининг ва ерга муносабатнинг ўзгариши, манфаатдорликнинг ошиши муваффақиятлар омили бўлмоқда. Хусусан, кластер тизимининг йўлга қўйилиши соҳадаги кўп муаммоларга ечим бўлди.
– Бугунги кунда вилоятимизда 48 та кластер корхонаси фаолият юритмоқда ва уларга 196,3 минг гектар ер майдони бириктирилган, – дейди Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Содиқ Ҳакимов. – Жумладан, 11 та пахта-тўқимачилик, 16 та ғаллачилик, 15 та мева-сабзавотчилик, 5 та картошкачилик, 1 та доривор ўсимлик етиштирувчи кластер мавжуд. Пахта-тўқимачилик кластерлари 75,4 минг гектар, ғаллачилик йўналишидаги кластерлар 94,2 минг гектар ва мева-сабзавотчилик йўналишдаги кластерлар 23,9 минг гектар майдонга эгалик қилиб, зарур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб келмоқда. Кластерларнинг самарали фаолияти натижасида йил сайин ҳосилдорлик ортиб бормоқда. Бир неча йил олдин вилоят бўйича пахта хомашёси тайёрлаш гектарига 30 центнерга ҳам етмасди, бу йил 35 центрнердан ошди.
[gallery-10070]
Якунига етаётган йилда вилоятимиздаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва 2068 фермер хўжалиги 73 минг гектар майдонда ғўза парваришлаб, 255,8 минг тонна пахта хом ашёси етиштириш режалаштирилган эди. Фидокорона меҳнат ва ҳосилдорликни ошириш ҳисобига бу режа ортиғи билан бажарилди. Пахтачиликнинг ўзидан 2 триллион 495 миллиард сўм даромад олинди. Рентабеллик 25,5 фоизни ташкил этди. 4455 фермер хўжалиги ва ғаллачилик кластер корхонаси томонидан 94 минг 130 гектар сувли майдонда етиштирилган дон миқдори ҳам аввалги йиллардан салмоқли бўлди. Ўртача ҳосилдорлик 72 центнерга етди. Соф фойда 2 триллион 333 миллиард сўмдан ошди.
Бу йил ғаллачиликда давлат харидлари тизимида бозор механизмларининг жорий этилгани фермер ва кластерлар учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Уларнинг манфаатдорлиги анча ошди. Шунинг учун ҳам айни пайда ғаллакорларимиз 2023 йил ҳосили учун ўзгача ғайрат-шижоат билан меҳнат қилмоқда. Айни пайтда вилоятдаги 1891 фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 26,7 минг гектар майдонда боғ яратилган. Анъанавий ва интенсив усулда ташкил этилган бу боғларнинг 16,6 минг гектари ҳосилга кирган. Шунинггдек, вилоят бўйича 2795 фермер хўжалиги тасарруфидаги қарийб 44 минг гектар токзорда саноатбоп, хўраки ва кишмиш узум навларидан мўл ҳосил олинмоқда. Эътиборлиси, мазкур тармоқ йил сайин кенгайиб, аҳолининг бандлиги ва яхши даромад олиши таъминланмоқда. Биргина жорий йилда вилоятда тўрт минг гектардан ортиқ янги токзор ташкил этилди.
Лалми ерларда токзор ва боғ ташкил этиш учун суғориш тизимларини яратишда деҳқон ва фермерларга давлат томонидан субсидия берилиши аҳолининг ушбу тармоққа қизиқишини оширмоқда. Бундан ташқари, вилоятда чорвачилик, пиллачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишларида ҳам бу йил режалаштирилган вазифалар бекаму кўст адо этилиб, манфаатдорлик ва даромад ошди.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат),ЎзА