Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғаллаоролнинг қуритилган помидорлари европаликлар ошхонасида
15:31 / 2025-10-21

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани табиий шароити сабабли кўпроқ сабзавотчилик, айниқса помидор, булғор қалампири, сабзи каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган ҳудудлардан саналади.

Айниқса, Ғаллаорол помидорлари жуда мазали ва бошқа жойда етиштирилган помидорларга қараганда сақланиш муддати узоқроқ бўлади. Бу ердаги помидор навлари таъми, сувлилик даражаси ҳамда сифати билан бошқа ҳудудлардан етиштирилган навлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам ушбу маҳсулотга озиқ-овқат саноати ва экспорт бозорида эҳтиёж юқори.

Бугунги кунда тумандаги лалми ва суғориладиган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, соҳага илмий ёндашувларни жорий этиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали эришилаётган натижалар эътиборга моликдир. Айниқса, хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат маҳсулот ҳажми, балки иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадининг ошиши ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, туманда озарбойжонлик тадбиркорлар томонидан ўтган йили йўлга қўйилган янги лойиҳа шу йилги экспорт кўрсаткичларининг сезиларли ўсишига хизмат қилди. Бунда юқори ҳосилдор, мағзи тўқ ва нисбатан сувсиз шароитга мослашган помидор навлари етиштирилмоқда. 20 гектарлик майдондаги фаолият доирасида 100 нафарга яқин мавсумий ишчи – асосан хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Қишлоқ аёлларининг ишга жалб этилиши эса оилавий бюджетни мустаҳкамлаш, фаровонлик сари интилишда муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда, биринчи марта туманда қуритилган помидор, яъни помидор қоқиси экспортга чиқарилаётганини қайд этиш лозим. Италия билан 100 минг долларлик шартнома асосида маҳсулотни тўғридан-тўғри етказиб бериш йўлга қўйилди.

– Ўзбекистон далаларида сифатли, мазали, томатбоп помидор навларини етиштириб, Италия ва Испанияга экспорт қилишни йўлга қўйдик, – дейди озарбойжонлик тадбиркор Урхан Тагиев. – Биз бу лойиҳани 2022 йилда бошлаганмиз. Биз учун барча зарур шароитлар яратиб берилди. Ғаллаоролликлар жуда меҳнаткаш, ҳалол инсонлар. Биз бу ерда ишлаётганимиздан жуда мамнунмиз.

Италия гастрономик туризмида помидор маҳсулотларига талаб жуда юқори. Шу боис, инвесторлар томонидан маҳсулот турлари ва географиясини кенгайтириш, экспорт ҳажмини 500 минг долларга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун помидор майдонларини 100 гектаргача ошириш кўзда тутилган. Натижада яна 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланади..

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири