Фуқаролар соғлиғини сақлаш – халқ фаровонлиги ва давлат тараққиётининг асосий устуни ҳисобланади. Айниқса, аҳолига сифатли, самарали ва узлуксиз тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш бугунги кунда мамлакатимизда энг долзарб вазифалардан бирига айланган.
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги модели асосида ташкил этилаётган 23 та оилавий поликлиника ва 6 та филиал замонавий қиёфада янгидан фаолиятини бошлади.
[gallery-24393]
Асосий очилиш маросими Ғаллаорол шаҳарчасидаги 1-сон оилавий поликлиникадан бошланди. Ушбу тадбирда вилоят ва туман ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ва масъуллари, соҳа фахрийлари, нуронийлар, фаоллар ва кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Савурбаев, туман ҳокими Жалолитдин Оқбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнги йилларда тиббий хизмат сифатини замон андозалари даражасига келтириш, энг чекка қишлоқларда ҳам намунали тиббий хизматни ташкил этишга ҳумумат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани, республикамизнинг 15 та ҳудудидаги каби Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳам аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги модели хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Маросимнинг расмий қисми якунига етгач, тадбир иштирокчилари муассаса ичкарисига таклиф этилиб, беморлар ва уларга хизмат кўрсатувчи тиббий ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 7 май куни тиббиёт соҳасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда берилган топшириқлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майда қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳамда шу санадаги “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ғаллаорол туманида муайян ишлар амалга оширилди.
Ушбу ҳужжатлар асосида Туркия тажрибасига асосан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги модели 2025 йилнинг 1 июлидан бошлаб Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида тажриба-синов тариқасида жорий қилиниши белгиланган эди. Шу пайтгача тумандаги 190 минг 500 нафар аҳолига жами 26 та тиббиёт муассасаси, шундан, 10 та маҳалла тиббиёт пункти, 11 та оилавий шифокорлик пункти, 3 та оилавий поликлиника, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 1 та туман марказий шифохонаси орқали хизмат кўрсатиб келинаётган эди. Янги тизимга кўра, туманда 23 та оилавий поликлиника ҳамда уларнинг 6 та филиалини ташкил этиш режалаштирилди. Ушбу поликлиникалардан 5 таси 2-тип, қолган 18 таси 1-типдаги оилавий поликлиника сифатида фаолият юритишни бошлади. Натижада, аввалги 92 та тиббиёт бригадаси сони 23 тага қисқартирилиб, 69 та самарали ишлайдиган бригада шакллантирилди.
Шунингдек, ҳудуддаги аҳоли сони, касалланиш кўрсаткичлари, мавжуд лабораторияларнинг салоҳияти, жиҳозланиши ва тиббиёт кадрларининг малакаси чуқур ўрганилиб, ушбу таҳлиллар асосида аниқ қарорлар қабул қилинди. Янги ташкил этилаётган 23 та оилавий поликлиника ва 6 та филиалга вилоят тиббиёт муассасаларининг етакчи мутахассислари бириктирилиб, улар томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Бугунги кунда ушбу 23 та оилавий поликлиника замонавий қиёфа кашф этиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни бошлади.
– Президентимиз фармони билан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тубдан ислоҳ қилиниб, оилавий поликлиникалар шаклида ташкил этилди, – дейди Ғаллаорол туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири Хуршид Саидов. – Тиббий хизматлар сифат ва самарадорлиги оширилди. Аҳолига хизмат кўрсатишда оилавий шифокорларнинг улуши 70 фоизгача кўтарилиб, соғлиқни сақлаш тизими рақамлаштирилиши натижасида қоғозбозлик камайди. Энг муҳими, тиббиётни рақамлаштириш бу – тизимда коррупцияга қарши курашда жуда муҳим ва дадил қадам бўлди.
Тиббиёт ходимларининг иш юкламаси 30 фоизгача қисқарди. Янги тизимда тиббиёт ходимларига яхши асосланган маош ва устамалар жорий этилади. Жумладан, шифокорларга 20 фоизгача, ўрта тиббиёт ходимларига 10 фоизгача устама, сайёр хизмат ва KPI асосида қўшимча тўловлар белгиланган.
Давлатимиз раҳбари раислигида тиббиёт тизимига оид ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқлар ва юқорида номи зикр этилган фармон ижроси бўйича туманда жами 30 та муассаса ташкил этилди. Уларнинг барчаси “Ягона тиббиёт ахборот тизими”га уланди. 1354 нафар шифокор ва ҳамшираларнинг билим ҳамда кўникмалари оширилди. Туман бўйича 69 та тиббий бригада ташкил этилди. Президентимиз видеоселекторида тумандаги “Қашқабулоқ” МФЙ ҳудудида жойлашган 12-сонли оилавий поликлиника қаттиқ танқид остига олинган эди. Бугун ушбу муассаса ҳар жиҳатдан намунали масканга айлантирилганига гувоҳ бўлдик.
– Мавжуд муассасаларга ички локал тармоқлар тортилганини ва ҳар бири 1 gb интернет билан таъминланганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, – дейди “UzINFOCOM”нинг Жиззах вилояти бўйича масъул вакили Шаҳзод Искандаров. – Ҳар бир ходимга компьютер, оилавий шифокорга рўйхатхона билан алоқада бўлиши учун монитор берилди. Кузатув камералари ўрнатилди, аниқланган эҳтиёж бўйича 235 та компьютер жамланмаси харид қилиниб, “DMED”га уланди. Галдаги вазифа тизимнинг шу номдаги иловасини ҳар бир фуқаро юклаб олиши ва ундан фойдаланган ҳолда республиканинг исталган тиббиёт муассасаси билан онлайн алоқа ўрнатиши мумкинлигини тарғиб қилишдир. Умид қиламизки, ушбу ташаббус вақти келиб бутун Ўзбекистонга қанот ёзади.
Дарҳақиқат, мазкур тажриба бир йил ўтиб ўтмай, мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда энг чекка қишлоқ билан йирик шаҳарлар ўртасида ҳам ҳеч қандай фарқ қолмаслигига ишонамиз ва бунга Ғаллаорол тумани яққол мисол бўла олади. Туманда амалга оширилган ишлар ушбу бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини трансформация қилиш, уни самарали ва сифатли ташкил этиш бўйича стратегик қадам бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Шу куннинг ўзида Ғаллаорол шаҳарчасидаги 1-сонли оилавий поликлиникадан ташқари, тумандаги қолган 22 та оилавий поликлиника биноларининг ҳам тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Янги тизим асосида фаолияти йўлга қўйилган оилавий поликлиникаларнинг очилиш маросимларида ҳокимлик, тизим раҳбар ва масъуллари, “маҳалла еттилиги” маҳалла фаоллари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари