Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғаллаоролда дорилар электрон рецепт орқали берилади
17:00 / 2025-12-15

Жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида дори воситаларини беришда электрон рецепт тизими жорий этилди. Ушбу тартиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори айланмаси устидан назоратни кучайтириш ҳамда ўзбошимчаликларнинг олдини олишга қаратилган.

Янги тизимга кўра, тумандаги барча дорихоналарда рецепт билан бериладиган дори воситалари фақат электрон шаклда расмийлаштирилган рецепт асосида тақдим этилади.  

Электрон рецепт шифокор томонидан бевосита расмийлаштирилиб, унда дори воситасининг халқаро патентланмаган номи, қабул қилиш тартиби, дозаси ва давомийлиги аниқ кўрсатилади.

Электрон рецептда бир вақтнинг ўзида бир нечта ташхисга асосланган ҳолда бештагача дори белгилаш мумкин. Бу эса даволаш жараёнида шаффофликни таъминлаб, бемор хавфсизлигини оширади.

Мутахассислар таъкидлашича, электрон рецепт тизими орқали дори воситаларининг ноқонуний муомаласи чекланиб, шифокор, дорихона ва бемор ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади. Шу билан бирга, дориларни рецептсиз бериш билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ҳам сақланиб қолади.

Маълумки, келгусида электрон рецепт тизими республика бўйлаб тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган бўлиб, бу соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади. Ҳозирча эса, жорий йилнинг 10 декабридан буён Тошкент шаҳри ва Ғаллаорол туманидан ташқари республикамизнинг тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган яна 14 та туман ва шаҳарларида дорилар ретцеп асосида берилиши бошланган.  

А.Қаюмов, ЎзА мухбири