Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғаллаоролда 100 гектарлик янги узумзор барпо этилди
17:38 / 2025-12-11

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида узумчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар соҳадаги давлат сиёсатининг амалий самарасини намоён этмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 3 августда қабул қилинган “2023–2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори туманда йирик лойиҳаларни амалга оширишга асос бўлди.

“Оқтом” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида ташкил этилган қарийб 100 гектарлик узумзор ушбу ислоҳотларнинг ёрқин намунасига айланди. “G‘allarol Stone Grushing” МЧЖ томонидан барпо этилган плантацияга жорий йилнинг ўтган 2 ярим ойи давомида жами 120 мингга яқин кўчат экилди. “Суғдиёна”, “Ҳусайни”, “Тоифи”, “Ризамат”, “Мере”, “Келин бармоқ” каби бозорбоп навларнинг танланиши келгусида ҳосилдорлик ва тижорат самарадорлигини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳада замонавий агротехнологиялар жорий этилган: ҳовуз, насослар, фильтрлаш ускуналари ўрнатилиб, барча кўчатлар томчилатиб суғориш тизимига уланди. Бу технология сув сарфини 40 фоизгача камайтириб, ўсимликнинг барқарор ўсишини таъминлайди.

Плантацияда айни пайтда 12 киши доимий, 200 нафарга яқин фуқаро мавсумий иш билан банд. Ишчилар учун махсус ётоқхона, овқатланиш, ювиниш ва дам олиш хоналари барпо этилгани лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади.

12 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилган ушбу майдон нафақат сармояни қоплаши, балки юзлаб маҳаллий аҳолини доимий ва узоқ муддатли даромад манбаи билан таъминлаши кутилаяпти.

МЧЖ бош агрономи Музаффар Аҳмедовнинг қайд этишича, туманда бу каби йирик кўламдаги узумзор аввал бўлмаган экан.  

– Ҳар бир ишни ёғингарчиликка қолдирмасдан тез ва сифатли амалга оширяпмиз. Бу ернинг иқлими узумчилик учун жуда қулай, – дейди Музаффар ака Аҳмедов. – Келгуси йил кўчатларни шпаллерга чиқаришни бошлаймиз. Уч йилдан сўнг суғоришга бўлган эҳтиёж камаяди, 5 – 6 йилдан сўнг эса дастлабки мўл ҳосилга эришамиз.

Дарҳақиқат, ўтган 7 – 8 йил ичида вилоятда 28 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилгани соҳанинг улкан салоҳиятидан далолат беради.

Бу жараёнлар мамлакатимизда меҳнат билан таъминланган аҳоли қатламини кенгайтиради, ички бозорда мевалар тури ва ҳажмини кўпайтириб, экспорт имкониятларини кенгайтиради.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири